Хитой илк бор кўп марталик ракетани Ерга муваффақиятли қўндирди. Бу глобал космик пойга учун нимани англатади?
Хитой глобал космик пойгада бурилиш ясади: мамлакат тарихида илк бор кўп марта фойдаланиладиган ракета Ерга муваффақиятли қайтарилди. 10 июл куни коинотга учирилган «Long March 10B» ракетаси денгиздаги сузувчи платформага қўнишга муваффақ бўлди.
© independent.co.ukХитой аэрокосмик фан ва технологиялар корпорацияси (CASC) маълумотларига кўра, «Long March 10B» ракетаси 10 июл куни маҳаллий вақт билан соат 12:15 да Хайнан оролидаги космодромдан фазога учирилди.
Юқори поғонадан ажралганидан сўнг, тахминан олти дақиқа ўтиб, ракета тезлаткичи вертикал ҳолатда денгиздаги сузувчи платформага муваффақиятли қўнди.
«BBC» нашрининг ёзишича, ушбу муваффақият Хитойнинг глобал космик пойгадаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Кўп марта фойдаланиладиган ракеталар технологиясини ўзлаштириш парвозлар таннархини кескин камайтиришга йўл очади. Бу эса келажакда мазкур соҳада Илон Маскнинг «SpaceX» ҳамда Жефф Безосга қарашли «Blue Origin» компаниялари орқали етакчилик қилаётган АҚШга жиддий рақобат туғдириш имконини беради.
Одатда ракеталар бир марталик ҳисобланади: парвоз давомида уларнинг қисмлари ажралиб, атмосферада ёниб кетади ёки океанга қулайди. Шу боис ҳам сунъий йўлдошлар ва фазовий аппаратларни коинотга учириш жуда катта маблағ талаб қилади.
Америка ва Хитой технологиялари: фарқ ва ўхшашлик
2015 йилнинг декабр ойида «SpaceX» компанияси орбитал парвоздан сўнг «Falcon 9» ракетасининг биринчи поғонасини илк бор Ерга муваффақиятли қайтарган эди. Кейинроқ «Blue Origin» ҳам шундай натижага эришиб, 2025 йилнинг ноябрида «New Glenn» ракетасини қўндиришга муваффақ бўлди.
Бугунги кунда «Falcon 9» йилига 150 га яқин парвозни амалга оширмоқда, унинг тезлаткичларидан эса ўнлаб марта фойдаланиш мумкин. Хитой ўзининг кўп марталик ракетасини ерга қўндириш бўйича илк уринишини шу йилнинг феврал ойида амалга оширган эди. Ўшанда «Long March 10A» қўниш платформаси яқинида сувга қулаган ва бу тўлақонли қўниш ҳисобланмаганди.
Ерга яқин паст орбитага камида 16 тонна фойдали юк олиб чиқишга қодир бўлган янги «Long March 10B» ракетасини кўплаб мутахассислар Американинг «Falcon 9» тизимига қиёсламоқда.
Бироқ улар ўртасида муҳим фарқ бор. Агар «Falcon 9» қуруқликдаги майдончага ёки денгиздаги дрон-платформага мустақил равишда вертикал қўнса, «Long March 10B» бошқа технологиядан фойдаланади. Қўниш вақтида ракетадаги махсус илгаклар сузувчи платформа устига тортилган тўрга илиниб қолади.
Муваффақиятли синов ҳақидаги эълондан сўнг Хитой космик компанияларининг акциялари кескин ошиб кетди. Хусусан, «China Spacesat» ва «China Satellite Communications» қимматли қоғозлари 10 фоизга қимматлашди — бу Хитой фонд бозори қоидаларига кўра рухсат этилган бир кунлик энг юқори ўсиш кўрсаткичидир.
Хитой Қўшма Штатлар билан орадаги фарқни қисқартирмоқда
«NYT» нашрининг ёзишича, ушбу тарихий воқеа Хитой космик саноати ҳали ҳам Қўшма Штатлардан ортда қолаётганига қарамай, орадаги фарқни қисқартираётганини яна бир исботлайди. Ракеталарни парвоздан сўнг ташлаб юбормасдан, улардан такроран фойдаланиш сунъий йўлдош ва бошқа юкларни фазога олиб чиқиш харажатларини ҳам сезиларли даражада камайтиради.
«Бу уларнинг ривожланаётганини англатади, аммо АҚШнинг бугунги имкониятларига етиб олганини эмас», — деди Вашингтондаги «American Enterprise Institute» таҳлил маркази илмий ходими Тодд Харрисон.
Маълумот ўрнида, «Long March 10B» ҳажми ва имкониятлари жиҳатидан «Falcon 9»га деярли тенг.
Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача «SpaceX» ўзининг «Falcon 9» тезлаткичларини 600 дан ортиқ марта муваффақиятли қўндиришга эришган.
Виржиниядаги «BryceTech» аэрокосмик консалтинг компанияси таҳлилчиси Фил Смитнинг фикрича, ракетанинг қўндирилиши вазиятни тубдан ўзгартириб юбормаса-да, бу Хитой ракета муҳандисларининг салоҳияти юқори эканини кўрсатади.
«Илгари сифат унчалик яхши эмасдек туюларди. Энди эса бу қарашлар ортда қолди», — деди у.
«Long March 10B» ракетасининг муваффақиятли қўндирилиши Хитойнинг 2030 йилгача Ойга ўз астронавтларини жўнатиш режасига бевосита таъсир қилмайди, сабаби Ой миссияси учун бундай технология талаб этилмайди. Аммо ракеталардан қайта фойдаланиш имконияти худди «SpaceX» мисолида бўлгани каби, Хитойнинг фазовий парвозлар саноатини жадаллаштириши мумкин.
Бундан ўн йил аввал «SpaceX» сунъий йўлдошларни «Falcon 9» ёрдамида 62 миллион долларга фазога олиб чиқиш мумкинлигини исботлаган эди. Бу дунёдаги бошқа рақобатчилар таклиф қилган нархдан анча арзон бўлган. Бироқ у вақтларда парвозлар ҳозиргидек тез-тез амалга оширилмасди.
Бу ҳолат 2015 йилнинг 21 декабридан ўзгара бошлади. Ўшанда «Falcon 9» ракетасининг тезлаткичи сунъий йўлдошни коинотга олиб чиққач, бир неча дақиқа ўтиб Канаверал бурнидаги бетон майдончага шикастланмасдан, юмшоқ қўнган эди.
Космик бизнеснинг иқтисодий томони бир кечада ўзгариб қолгани йўқ — 2016 йилда «SpaceX» бор-йўғи саккизта «Falcon 9» парвозини амалга оширди. Бироқ вақт ўтиши билан тезлаткичларни тезда тиклаш имконияти «SpaceX» компаниясига арзонроқ нархда ва тез-тез парвозларни амалга оширишга йўл очди. Сабаби, энди ҳар бир парвозда ракетанинг асосий қисми ташлаб юборилмас эди.
Ўтган йили эса компания «Falcon 9»нинг 165 та парвозини амалга оширишга эришди.
Шунингдек, «SpaceX» томонидан ишлаб чиқилаётган анча йирик «Starship» ракетаси космик саноатда иккинчи бор инқилоб қилишни мақсад қилган. Бу анча катта юкларни янада арзонроқ нархда таший оладиган, тўлиқ қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракетадир. Харрисоннинг таъкидлашича, Хитойда яқин 5–10 йил ичида «Starship» билан беллаша оладиган ҳеч қандай қурилма йўқ.
Космик пойга
Кўплаб америкалик сиёсатчилар АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобатни XXI асрнинг космик пойгаси деб таърифламоқда. Бу худди Совуқ уруш даврида Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқи ўртасида кечган ҳамда 1969 йилда «Apollo 11» астронавтларининг Ойга қўниши билан якунланган пойгани эслатади.
Таъкидланишича, бугунги кунда вазият анча жиддий. Сабаби энди бу шунчаки миллий обрў-эътибор ёки мақтаниш эмас, балки ҳарбий устунликни сақлаб қолиш, шунингдек, Ой ва астероидлардан қазиб олинадиган қимматбаҳо маъданлар каби улкан иқтисодий манфаатлар учун курашдир.
Янги минг йиллик бошларида Хитойнинг космик дастури ҳали ривожланишнинг илк босқичида эди. Бироқ мамлакат келажак учун улкан режалар тузди ва бу мақсадларга изчиллик билан эришиб келмоқда.
Биринчи хитойлик астронавт 2003 йилда орбитага чиқди. Хитой 2011 йилда космик станциянинг дастлабки намунасини учирди, ҳозирда эса орбитада доимий фаолият юритувчи ўз станциясига эга.
Мамлакат 2013 йилда Ойга роботлаштирилган қўниш модули ҳамда кичик роверни муваффақиятли қўндирди. Шундан сўнг Ой сиртида яна учта ана шундай миссияни амалга оширди. 2021 йилда эса Марсга ҳам қўниш аппарати ва ровер жўнатди.





