
Хитой «Starlink қотили»ни яратди
Хитойда Starlink сунъий йўлдошларини ишдан чиқаришга қодир микротўлқинли қурол ихтиро қилинди.

Хитойлик олимлар қуввати 20 гигаваттга тенг бўлган дунёдаги илк микротўлқинли қуролни ишлаб чиқди. Бу ҳақда «South China Morning Post» нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қурилма бир дақиқа давомида узлуксиз ишлаш ҳамда паст Ер орбитасидаги Starlink сунъий йўлдошларига зарба бериш имкониятига эга.
«TPG1000Cs — бу бир дақиқа давомида 20 гигаватт қувват беришга қодир қудратли микротўлқинли қуроллар учун мўлжалланган дунёдаги биринчи ихчам генератордир», — дейилади хабарда.
Мазкур қурол Шэнси провинциясининг Сиан шаҳридаги Шимоли-ғарбий ядро технологиялари институти муҳандислари томонидан яратилган. Қурилманинг узунлиги тўрт метрни, вазни эса тахминан беш тоннани ташкил этади. Газетанинг таъкидлашича, у юк машиналари, ҳарбий кемалар ёки ҳатто сунъий йўлдошларга ўрнатиш учун етарли даражада ихчамдир.
Хитойлик экспертларнинг сўзларига кўра, ушбу ертусти микротўлқинли қурол паст Ер орбитасидаги Starlink сунъий йўлдошларига жиддий шикаст етказиши ёки уларни бутунлай йўқ қилиши мумкин.
Газетанинг аниқлик киритишича, ҳозирги вақтда маълум бўлган шунга ўхшаш тизимлар тўхтовсиз уч сониядан ортиқ ишлай олмайди ва ҳажми жиҳатидан анча катта.





