Logo

Хивадаги Хитой университети филиалида 2030/2031 ўқув йилигача қабул қилинган талабалар тўлиқ грантда ўқийди

Bugun 20:112 daqiqa

Филиалда таълим 2026/2027 ўқув йилидан бошланади.

Хивадаги Хитой университети филиалида 2030/2031 ўқув йилигача қабул қилинган талабалар тўлиқ грантда ўқийди © Foto: president.uz

Хивадаги Ляонин университети филиалида 2030/2031 ўқув йилигача қабул қилинган талабалар тўлиқ грантда ўқийди

Хива шаҳрида ташкил этиладиган Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиалида 2030/2031 ўқув йилига қадар қабул қилинган талабалар ўқишнинг бутун даври давомида давлат гранти асосида таҳсил олади. Бу ҳақда Президентнинг 2 октябрдаги қарорида маълум қилинди.

Филиалда таълим 2026/2027 ўқув йилидан бошланади. Талабалар кундузги таълим шаклида ўзбек, хитой ва инглиз тилларида ўқитилади.

2030/2031 ўқув йилигача қабул қилинган талабалар ўқишнинг барча йилларида давлат гранти асосида таълим олади. 2030/2031 ўқув йилидан бошлаб эса филиалнинг қабул параметрларида давлат гранти улуши 30 фоизни ташкил этади.

Филиалда туризм ва ахборот технологиялари бўйича кадрлар тайёрланади


Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиалида туризм ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Филиалнинг академик ҳамкорлик йўналишлари орасида халқаро хитой тили таълими, туризм бошқаруви, халқаро бизнес ва сунъий интеллект ҳам бор. Бу йўналишларда Ўзбекистондаги бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилинади.

Филиалга Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги техникумлар бириктирилади. Улар туризм ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш жараёнида иштирок этади.

Талабаларнинг ўқув амалиёти корхона ва ташкилотларда, жумладан, дуал таълим асосида ташкил этилади.

Туризм ва ахборот технологиялари йўналишларида Хитой тажрибаси асосида таълим дастурлари ва ўқитиш методикалари такомиллаштирилади. Уларни ишлаб чиқиш 2027 йилга мўлжалланган.

Қабул параметрлари ва контракт миқдори алоҳида белгиланади
Филиалда қабул параметрлари, тўлов-контракт миқдори, талабаларни ўқишга қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартибини Кузатув кенгаши белгилайди.

Филиал фаолияти Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт тушумлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг инвестициялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Филиалга хориждан, жумладан, Ляонин педагогика университетидан профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар жалб қилинади. Уларга меҳнат бозори конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда ҳақ тўлаш кўзда тутилган.

Талабалар учун замонавий адабиётлар билан таъминланган ахборот-ресурс маркази ташкил этилади. Университет ва академик ҳамкорлар томонидан яратилган янги адабиётлар ҳам марказ фондига киритилади.

Филиал битирувчиларига филиал ҳамда Ляонин педагогика университетининг дипломи берилади.

Президент қарори 2026 йил 2 октябрда қабул қилинган.

Teglar

Mavzuga oid