Тошкент вилоятидаги боғчаларда кўз касаллиги тарқалгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида болалар ўртасида кўз касаллиги тарқалаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига кўз касаллиги аломатлари билан келган бола боғча ҳудудига киритилмаган ва бошқа тарбияланувчиларда бундай белгилар кузатилмаган. Бу ҳақда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида болалар ўртасида кўз касаллиги тарқалаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бошқарма маълумотига кўра, жорий йилнинг 10 ноябр куни Паркент тумани тиббиёт бирлашмаси тизимидаги «Қорақалпоқ» қишлоғи ҳудудида жойлашган 42-сон оилавий поликлиникага бириктирилган, 2022 йилда туғилган М.У. ҳудуддаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига кўз касаллиги аломатлари билан келган. Муассаса маъмурияти болани боғча ҳудудига киритмаган ва шифокор кўригидан ўтиши учун юборган.
Кўрик давомида туман офталмологи Умид Муродов томонидан болага «H10.3 — аниқланмаган ўткир конюнктивит» ташхиси қўйилиб, тегишли даволаш муолажалари белгиланган. Шунингдек, оиланинг катта фарзанди ҳамда отасида ҳам шу каби аломатлар кузатилган. Айни пайтда уларга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бундай шикоятлар билан мурожаат қилган бошқа беморлар қайд этилмаган. Мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти маълумотига кўра, бошқа тарбияланувчиларда ҳам шундай аломатлар кузатилмаган.
Шу муносабат билан ота-оналардан фарзандларининг саломатлигига эътиборли бўлиш, кўзда қизариш, ёшланиш, ажралма келиши каби аломатлар кузатилган тақдирда, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш сўралган.





