«Humo» карталари бўйича SMS-хабарнома нархлари икки баробарга ошади
1 майдан бошлаб «Humo» карталари бўйича SMS-хабарномалар нархи 84,2 сўмдан 168,4 сўмга оширилади.

2026 йил 1 майдан бошлаб «Octotelecom» томонидан 13131 қисқа рақамидан юбориладиган SMS-хабарномалар нархи 84,2 сўмдан 168,4 сўмга оширилади. Ушбу хизмат «Humo» карталари бўйича амалга оширилган операциялар ва ҳисоб қолдиғи ҳақида тезкор ахборот етказиб беради.
Нархларнинг оширилиш сабаби
Компания изоҳига кўра, нархнинг оширилиши техник инфратузилмани қўллаб-қувватлаш харажатлари ортгани, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, хизмат барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек энергия ресурслари ҳамда лицензия тўловлари қимматлашгани билан боғлиқ.
Мазкур ўзгаришлар ҳақида «Mobiuz», «Ucell» ва «Beeline Uzbekistan» мобил операторлари ҳам абонентларни олдиндан хабардор қилган. Фойдаланувчилар ушбу хизматни бекор қилиш учун 13131 қисқа рақамига «STOP» сўзини юбориши мумкин.
«880 SMS-хабардорномаси» нархи
Шунингдек, Click тўлов тизими томонидан тақдим этиладиган «880 SMS-хабардорномаси» хизмати нархи ҳам келгуси ойдан 168,4 сўм этиб белгиланади. Ушбу хизмат орқали USSD орқали амалга оширилган тўловлар ва карта билан боғлиқ операциялар ҳақида хабар олиш мумкин.
Hумо тизими маълумотларига кўра, бир марталик хавфсизлик (OTP) кодлари ҳам 13131 қисқа рақами орқали юборилади ва улар фақат абонент ҳисобида ижобий баланс мавжуд бўлгандагина етказилади.
Маълумот учун, Octotelecom 2024 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг устав фонди 4,4 млрд сўмни ташкил этади.





