Янги уйлар энди оптик интернет билан қурилади
Ўзбекистонда янги кўп қаватли уйлар қурилишида интернет инфратузилмаси аввалдан ҳисобга олинади. Телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича мавжуд 2 та лицензия турини биттага бирлаштирилиб, лицензия бериш муддати 25 иш кунидан 10 иш кунига қисқартирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳада тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар билан танишди.
Маълум қилинишича, янги кўп қаватли уйларни юқори тезликдаги интернетга уланиш технологияси асосида лойиҳалаш ва қуриш талаби жорий этилади. Бу оптик толали интернет инфратузилмасини қурилиш босқичиданоқ ҳисобга олиш имконини беради.
Шунингдек, телекоммуникация соҳасида бизнес муҳитини яхшилаш мақсадида тармоқларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича мавжуд 2 та лицензия турини биттага бирлаштириш ҳамда лицензия бериш муддатини 25 иш кунидан 10 иш кунига қисқартириш таклиф қилинди.
Телекоммуникация соҳасида ўзгаришлар
Сўнгги йилларда аҳоли яшаш масканларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш даражаси 41 фоиздан 98 фоизга етган. Умумий интернет ўтказиш қобилияти эса 65 баробар ошган.
Шу билан бирга, тақдимотда маҳаллий тадбиркорлар учун телекоммуникация хизматлари кўрсатиш ҳали етарлича жозибадор эмаслиги, олис ҳудудларда симли интернетдан фойдаланувчилар улуши пастлиги қайд этилди.
Соҳага янги тадбиркорларни жалб қилиш мақсадида “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 2 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 15 фоиз ставкада 530 миллион сўмгача кредит ажратиш таклиф қилинмоқда.
Рақамли инфратузилма режаси
Олис ва чекка ҳудудларда ишлайдиган тадбиркорлар учун алоҳида имтиёзли тариф режалари ишлаб чиқилиши белгиланган. Бу интернет хизматлари қамровини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Президент таклифларни маъқуллаб, рақамли хизматлар сифатини ошириш, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш ҳамда хусусий сектор учун қулай муҳит яратиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат бошқарувида ягона интеграциялашган рақамли платформа жорий этилиши ҳақида хабар берилганди.