Logo

Яширин реклама тарқатган блогерлар ва ОАВ вакилларига чора кўрилди

Bugun 08:202 daqiqa

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқларда рекламани ахборотдан ажратиш талаблари бузилаётганини айтди ва тармоқ фаолларини огоҳлантирди.

Яширин реклама тарқатган блогерлар ва ОАВ вакилларига чора кўрилди

Ижтимоий тармоқларда ахборот материали кўринишида яширин реклама тарқатаётган блогерлар, вайнерлар ҳамда ОАВ вакилларига нисбатан қонуний чоралар кўрилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Қўмитага кўра, бугунги кунда онлайн ва рақамли маркетинг соҳасининг ривожланиши ортидан реклама берувчилар оммабоп каналлар ҳамда платформаларга реклама жойлаштиришга тобора кўпроқ интилмоқда. Бироқ, ахборот тарқатиш жараёнида кўплаб суиистеъмолликларга йўл қўйилиб, тижорий материаллар оддий ахборотдан ажратилмаётгани кузатилмоқда.

«Рекламани бошқа ахборотдан “реклама” ёки “реклама ҳуқуқи асосида” белгиси билан ажратган ҳолда жойлаштириш, шунингдек, таҳлилий мақолалар, шарҳлар, фикрлар, мулоҳазалардан тижорат мақсади кўзланган бўлса, уларни реклама сифатида белгиланган ҳолда аниқ кўрсатиш лозим», — дейилади қўмита хабарида.

Таъкидланишича, айни пайтда оддий ахборот материалидан рекламани ажратиб турувчи ушбу белгиларни кўрсатмаслик ва идентификация қилишга оид талабларга амал қилмаслик ҳолатлари кенг тарқалган.

Қонунбузарларга кўрилган чоралар ва талаблар

Рақобат қўмитаси томонидан ўтган вақт давомида «Реклама тўғрисида»ги қонунчилик талабларини бузгани учун 20 дан ортиқ ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва канал маъмурлари, блогерлар, вайнерлар ва бошқа тармоқ фаолларига нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилган.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, ҳар қандай реклама воситаларидан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган ва бозорда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот — реклама ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, муассаса барча ОАВлар, ижтимоий тармоқ маъмурлари ҳамда тармоқ фаолларини кенг жамоатчиликка ахборот тайёрлаш ва тарқатишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.

«Қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда белгиланган тартибда чора кўрилади», — дея огоҳлантирди Рақобат қўмитаси.

Teglar

Mavzuga oid

Яширин реклама тарқатган блогерлар ва ОАВ вакилларига чора кўрилди | Vaqt.uz