Logo

Йўллардаги радарлар ва камераларнинг тўғри ишлаши текширилмоқда

Kecha 11:451 daqiqa

Ижтимоий тармоқларда радарлар тезликни нотўғри қайд этаётгани ҳақидаги хабарлардан сўнг ЙҲХХ мамлакат бўйлаб барча қурилмаларни махсус жиҳозланган автомобиллар ёрдамида текширмоқда.

Йўллардаги радарлар ва камераларнинг тўғри ишлаши текширилмоқда © ЙҲХХ видеосидан кадр

Ўзбекистон йўлларига ўрнатилган фото ва видео қайд этиш қурилмалари ҳамда радарларнинг тезликни қайд этиш аниқлиги ва қонуний ишлаши махсус автомобиллар ёрдамида текширилмоқда. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) маълум қилди.

Республиканинг барча ҳудудларида ўтказилаётган назорат тадбирларида радарларнинг белгиланган техник талабларга мувофиқлиги ўрганилмоқда. Қурилмаларнинг доимий соз ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида жараёнга Ўзбекистон Миллий метрология институти мутахассислари жалб этилган бўлиб, улар мунтазам равишда метрологик текширув ва синовларни амалга оширмоқда.

Аниқланган камчиликлар бўйича чора кўрилади

Мазкур текширувлар ижтимоий тармоқларда айрим радарлар ноқонуний фаолият юритаётгани ва ҳайдовчиларнинг тезлигини белгиланган меъёрдан юқори қайд этаётгани ҳақида тарқалган хабарлар ортидан кучайтирилган. ЙҲХХ ушбу чоралар фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда йўл ҳаракати қоидалари ижросида адолатни таъминлаш мақсадида ўтказилаётганини билдирган.

Текширувлар давомида аниқланган камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан тегишли масъулларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши белгиланган.

«Йўлларда хавфсизликни таъминлаш нафақат тартиб-интизом, балки холислик, қонунийлик ва фуқароларга нисбатан адолатли муносабатга ҳам боғлиқ», — дея таъкидланади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йўлларда мобил радарлар борлигини махсус йўл белгилари билан кўрсатиш талаби бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid