Apple Nvidia'ни ортда қолдириб, дунёнинг энг қиммат компаниясига айланди
Сунъий интеллектга тикилаётган катта маблағлар кутилган натижани бермаслиги хавфи бор. Шу боис инвесторлар СИ учун харажатларни тежаб келаётган Apple компаниясини энг ишончли танлов сифатида кўрмоқда.

Сунъий интеллектга тикилаётган катта маблағлар кутилган натижани бермаслиги хавфи бор. Шу боис инвесторлар СИ учун харажатларни тежаб келаётган Apple компаниясини энг ишончли танлов сифатида кўрмоқда.
Apple Inc. компанияси бозор қиймати бўйича Nvidia Corp.'ни ортда қолдирди ва дунёнинг энг қиммат компанияси мақомини ўзига қайтарди. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, инвесторлар сунъий интеллект (СИ) лойиҳаларига тикилаётган миллиардлар ўзини оқламаслигидан хавотирга тушмоқда. Шу сабабли улар iPhone ишлаб чиқарувчисини хавфсизроқ сармоя манбаи деб ҳисобламоқда.
30-октябр кунги савдолар натижасида Apple акциялари 1,2 фоизга пасайиб, бозор капитализацияси 5,03 триллион долларни ташкил этди. Айни пайтда Nvidia акциялари ҳам 4,2 фоизга арзонлашди ва компаниянинг умумий қиймати 4,93 триллион долларга тушиб қолди. Натижада, 2026 йилнинг июл ойидан буён биринчи марта Apple яна Nvidia'дан ўзиб кетди.
Ушбу ўзгаришлар йирик технология гигантлари, жумладан, Intel, Amazon, Alphabet ва Meta Platforms каби компанияларнинг молиявий ҳисоботлари инвесторларнинг ҳафсаласини пир қилган бир пайтда юз бермоқда. Бу ҳисоботлар сунъий интеллектга сарфланаётган маблағларнинг истиқболи борасидаги хавотирларни янада кучайтирди. Apple эса бундай катта харажатлардан ўзини тийиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Apple компанияси М6 чипи ва macOS 27 операцион тизими билан ишлайдиган янги 14 дюймли MacBook Pro ҳамда 24 дюймли iMac компьютерларини намойиш этганди. Янги қурилмаларнинг АҚШдаги бошланғич нархи 1 499 ва 1 999 доллардан бошланади.





