Logo

Ўзбекистонда саратонни эрта аниқлаш дастурлари учун йилига 700 млрд сўм ажратилади

Bugun 12:302 daqiqa

2027-йилдан бепул дори воситалари тури 73 тага, тиббий текширувлар тури эса 36 тага етказилади.

Ўзбекистонда саратонни эрта аниқлаш дастурлари учун йилига 700 млрд сўм ажратилади © Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистонда 2028-йилдан бошлаб барча ҳудудларда ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш ишлари тўлиқ жорий этилади ва бу мақсадлар учун йилига 700 млрд сўм маблағ ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Кўксарой қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фарматсевтика соҳаси ходимлари билан ўтказган учрашувида маълум қилинди.

Мазкур касалликларни эрта аниқлаш ишлари дастлаб Самарқанд вилоятидан бошланиши белгиланган. Шунингдек, қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ҳамда болалардаги онкогематологик хасталикларни эрта аниқлаш дастурлари ҳам изчил давом эттирилади.

Инфаркт ва инсулт ўлими 15 фоизга камайди

Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида инфаркт ва инсултни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастури амалга оширилиши натижасида ушбу касалликлардан эрта ўлим кўрсаткичи беш ой ичида 15 фоизга камайган.

Касаллик бошланишидаги «олтин соат»да 855 нафар инсон эрта ўлим ва ногиронлик асоратларидан сақлаб қолинган. Келаси йил мазкур дастур учун 280 млрд сўм ажратилиб, барча туман ва шаҳарлар қамраб олинади.

Аҳоли учун тиббий хизматларнинг кафолатланган пакети ҳам кенгайтирилади. Хусусан, келаси йили бепул дори воситалари тури 73 тага, тиббий текширувлар тури эса 36 тага етказилади.

Бирламчи тиббий ёрдам тизими яна 100 та туманда жорий қилинади

«Доим айтаман, бирламчи бўғин қанча яхши ишласа, халқимиз шунча соғлом бўлади», — деди Президент.

Шу мақсадда республиканинг 28 та туманида бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш бўйича янги тизим синовдан ўтказилган. Ушбу туманлардаги жами 7 млн аҳоли оилавий шифокорларга номма-ном бириктирилиб, икки томоннинг вазифа ва мажбуриятлари ўзаро битимда белгилаб қўйилган.

Тизим доирасида янги лабораториялар ишга туширилган, шифокор ва ҳамширалар махсус ўқитилган ва «бемор маршрути» ишлаб чиқилган. Бу жараёнлар поликлиникаларга бўлган аҳоли ишончини оширишга хизмат қилган. Ҳозирги кунда кафолатланган пакет доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилмоқда.

Бирламчи бўғинда самара берган ушбу модел келаси йилдан бошлаб яна 100 та туманда йўлга қўйилиши тасдиқланди.

Teglar

Mavzuga oid