Ўзбекистонликларнинг Safe Road базасидаги маълумотлари сизиб чиққани айтилмоқда
Бундан ташқари тармоқларда inDrive, Lada Auto, KiwiTaxi, Fargo, Maktab.uz, Andalus ва бошқа хизматларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган маълумотлар базалари тарқатилаётгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.
© Kollaj: Vaqt.uzИжтимоий тармоқларда Safe Road базасига уланган миллионлаб ҳайдовчиларнинг паспорт маълумотлари, суратлари ва жисмоний шахснинг шахсий идентификаторлари тарқалиб кетгани ва улар Telegram ботларда сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Уларда айтилишича, Telegram-ботга озгина пул тўлаш орқали маълумотларни бир зумда олиш мумкин. Булар жисмоний шахснинг шахсий идентификатор рақами, паспортда сурати ва нусхалари, квартира рақамигача бўлган тўлиқ рўйхатдан ўтган манзил, телефон рақамлари, ҳайдовчи ва унинг ёнида ўтирган одамларнинг юзлари аниқ кўринадиган йўл камералари суратлари ҳамда бошқалар.
Ҳозирча маълумотлар сизиб чиққани ҳақидаги хабарларнинг ҳаққонийлиги ва бу ҳолат қанчалик кенг кўламни қамраб олгани тўлиқ тасдиқланмаган. Расмий идоралар томонидан муносабат берилганича йўқ. Аммо Safe Road миллионлаб ҳайдовчиларнинг паспорти ва шахсий маълумотлари қора бозорга чиқиб кетгани ҳақидаги даъволарни «асоссиз» деб атади.
Компаниянинг қайд этишича, тармоқда сотилгани айтилаётган маълумотлар илова ишга туширилишидан анча олдин турли манбалардан йиғилган эски маълумотлар бўлиб, уларнинг SafeService’га мутлақо алоқаси йўқ. Ҳозирда ботлар орқали тарқатилаётган «фейк расмлар» ва маълумотлар компанияга алоқадор эмас. Компания 1-сентябрдан бошлаб «SafeRoad» бренди мавжуд эмаслиги, у расман SafeService сифатида ребрендинг қилинганини урғулади. Эски бренд логотипидан фойдаланган ҳолда тарқатилаётган «ёлғон хабарлар»га ишонмаслик сўралган.
Компаниянинг ишонтиришича, ҳайдовчиларнинг шахсий маълумотлари Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ махсус ҳимояланган серверларда сақланади ва шифрланган шаклда узатилади.
«Тарқатилаётган бундай сохта хабарлар бозорда носоғлом рақобатни келтириб чиқариш мақсадида амалга оширилмоқда», — дейилади компания муносабатида.
Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқбузарликларнинг манбасини аниқлаш ва чора кўриш учун тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани билдирилган.
Бундан ташқари, яна бир нечта машҳур иловаларнинг фойдаланувчиларига тегишли шахсий маълумотлар ҳам оммавий равишда тарқалиб кетгани айтилмоқда. Хусусан, inDrive, Lada Auto, KiwiTaxi, Fargo, Maktab.uz, Andalus ва бошқа хизматларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган маълумотлар базалари тарқатилаётгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.

Айтилишича, ушбу маълумотлар орқали одамларнинг нима сотиб олгани, Korzinka’даги харидлари, буюртма қилган етказиб бериш хизматлари ва ҳатто бир неча йил олдин дорихонадан сотиб олган дориларигача ҳам билиш мумкин.

Бир қатор IT мутахассислари ўзларига оид SafeRoad базасидаги маълумотлар ҳам тарқалганини айтмоқда.

«Ботлардан текширдим. Ўзимни ҳамма маълумотларим тарқаб ётибди. Манба сифатида эса saferoad.uz ёзилган», — дейди ўзини IT мутахассиси сифатида кўрсатган Умар Саъдуллаев исмли блогер.
Маълумот учун, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисида маълумот бериб келган «Road24» иловаси ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисида маълумот алмашинуви 2025-йилнинг баҳорида батамом тўхтатилган. ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошев ўшанда 14-апрелдан эътиборан жарималар ва бошқа хизматлар ҳақидаги маълумотларни Safe Road иловаси орқали билиш мумкинлигини билдирганди.





