Чорраҳа ва қайрилиб олиш жойлари яқинида йўл чизиғини босганлик учун жарима бекор қилинди
1-ноябрдан эътиборан чорраҳагача 50 метр ва қайрилиб олиш жойигача 20 метр масофада 1.1 ҳамда 1.3 йўл чизиқларини босган ҳайдовчиларга ЙПХ инспекторлари томонидан маъмурий баённома тузилмайди.

Ўзбекистонда 1-ноябрдан бошлаб чорраҳалар ва қайрилиб олиш жойлари яқинида 1.1 ва 1.3 йўл ётиқ чизиқларини босганлик учун ЙПХ инспекторлари томонидан жарима баённомалари тузилиши тўхтатилади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган 596-сонли қарорига асосан ушбу ҳолат бўйича жавобгарлик бекор қилинди.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, қуйидаги белгиланган масофалар доирасида 1.1 (бир яхлит) ва 1.3 (иккита яхлит) йўл ётиқ чизиқларини босиб ҳаракатланиш эндиликда қоидабузарлик ҳисобланмайди:
— чорраҳагача бўлган 50 метрлик масофада;
— қайрилиб олиш жойигача бўлган 20 метрлик масофада.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан автоматик фоторадар ва камералар орқали ушбу йўл чизиқларини босганлик ҳолатини қайд этиш бекор қилинган эди. Бироқ ЙПХ ходимлари томонидан бундай ҳолат аниқланганда маъмурий жарима қўллаш амалиёти ҳануз сақланиб қолаётган эди. 1-ноябрдан эса инспекторлар томонидан баённома тузиш тартиби ҳам бутунлай тўхтатилди.





