Logo

Бензин захиралари етарли эканини айтган «Ўзбекнефтгаз», визасиз режимни кўриб чиқаётган Таиланд ва Apple Payʼга уланган карталар — 28 октябр дайжести

Kecha 22:503 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Бензин захиралари етарли эканини айтган «Ўзбекнефтгаз», визасиз режимни кўриб чиқаётган Таиланд ва Apple Payʼга уланган карталар — 28 октябр дайжести

«Заправка»ларимизда бензин тақчиллиги кузатилмайди — «Ўзбекнефтгаз»

«Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси ўринбосари Аброржон Худойбергановнинг матбуот анжуманида маълум қилишича, республика бўйлаб компанияга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаларида (АЁҚШ) бензин тақчиллиги кузатилмаяпти ва етарли миқдорда захиралар шакллантирилган. Йил бошида 31 та бўлган «Ўзбекнефтгаз» АЁҚШлари тармоғи кенгайиб, ҳозирда уларнинг сони 152 тага етган ва маҳсулот реализацияси 5–6 бараварга кўпайган.

Шунингдек, масъул шахс сўнгги 9–10 ой давомида компания шахобчаларида автобензин нархи 12 минг сўмдан ошмаганини, нархлар асосан 10 500 сўмдан 11 500 сўмгача бўлган оралиқда барқарор сақланиб турганини таъкидлади.

Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни қайта тиклашни кўриб чиқмоқда

Таиланд ҳукумати Ўзбекистон, Колумбия ва Мексика фуқаролари учун 15 кунлик визасиз режимни қайта жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бунга сайёҳларнинг виза олишдаги мураккаб тартиблар ва кечикишлар сабабли сафарларини бекор қилишга мажбур бўлаётгани, шунингдек, халқаро авиакомпаниялар дуч келаётган логистик муаммолар сабаб бўлган.

Хусусан, ўзбекистонликларнинг электрон виза аризалари фақат Россиядаги элчихона орқали узоқ вақт кўриб чиқилиши оқибатида маҳаллий туроператорлар Ветнам каби бошқа рақобатдош йўналишларга ўтиб кетишга мажбур бўлган.

Uzcard ва Humo карталарини ҳам тез орада Apple Pay хизматига улаш имконияти яратилади


Ўзбекистонда Apple Pay халқаро тўлов хизмати расман ишга туширилди. 27-октабрдан бошлаб фойдаланувчилар ўз банк карталарини Apple Wallet иловасига қўшиб, iPhone ва Apple Watch каби мос қурилмалар орқали хавфсиз тўловларни амалга оширишлари мумкин. Дастлабки босқичда хизматга Ўзбекистондаги 8 та тижорат банкининг Visa ва Mastercard карталарини улаш рухсат этилди. Шунингдек, шу кундан эътиборан 9 та банк томонидан чиқарилган халқаро карталарни Google Wallet иловасига ҳам қўшиш имконияти пайдо бўлди.

Марказий банк хабарига кўра, маҳаллий тўлов тизимлари ҳисобланган Uzcard ва Humo карталарини ҳам Apple Pay хизматига улаш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда ва бу имконият тез орада фойдаланувчиларга тақдим этилади.

Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарада юк ташувчилардан пул олмоқчи

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги «Қозиғурт», «Б. Қонисбаев» ва «Атамекен» ўтказиш пунктлари орқали халқаро юк ташиш учун электрон навбатга ёзилувчи ташувчилардан 9 ноябрдан бошлаб кафолат пули талаб қилинади.

Ташувчилар навбатда жой банд қилиш учун ўз электрон ҳисобларида 20 МРП, яъни 86 минг 500 тенге (тахминан 2 миллион 261 минг сўм) миқдорида маблағга эга бўлишлари керак. Ушбу маблағ юк машинаси белгиланган вақтда чегара пунктига етиб келганда автоматик тарзда тўлиқ қайтарилади. Бироқ, ташувчи 90 календар кун ичида кетма-кет икки марта ўз вақтида келмаса, кафолат пули қайтарилмайди ва давлат бюджетига ўтказиб юборилади.

Ўзбекистон тиббиётида 2,7 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган 35 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳалар доирасида Миллий онкология ҳамда Республика неврология ва инсульт марказлари, Тошкент вилоятида кўп тармоқли тиббиёт маркази, Нукусда оналар ва болалар маркази, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида Самарқандда 800 ўринли шифохона ва Бухорода янги тиббиёт муассасалари барпо этилади.

Шунингдек, соҳани ривожлантириш учун яна 1 миллиард долларлик 9 та истиқболли лойиҳа таклиф этилган бўлиб, инфратузилма мастер-режаси асосида 2040 йилгача мўлжалланган инвестиция стратегияси ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, келгуси йилдан давлат шифохоналарида хизматларни хусусий сектордан харид қилиш бўйича аутсорсинг тизими йўлга қўйилади ва бу жараён махсус электрон тизим орқали назорат қилинади.

Teglar

Mavzuga oid