Logo

ЕТТБ Ўзбекистондаги «Star Group» компаниясига 20 млн долларгача маблағ ажратмоқчи

Bugun 20:102 daqiqa

Банк ҳозиргача Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 7,3 млрд доллар бўлган 219 та лойиҳани молиялаштирган. Маблағларининг асосий қисми хусусий сектор ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

ЕТТБ Ўзбекистондаги «Star Group» компаниясига 20 млн долларгача маблағ ажратмоқчи © Foto: EBRD

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистоннинг «Star Group» компаниясига ўз фаолиятини кенгайтириш, айланма маблағларини кўпайтириш ҳамда истеъмол товарлари савдоси ва тарқатиш ҳажмини ошириш учун 20 млн долларгача молиялаштириш ажратади.

Банкнинг маълум қилишича, маблағ тўртта компания — «Support Samarqand», «Bloomshop», «Star Distribution» ва «Star FMCG» орқали берилади.

Ажратиладиган кредит гуруҳнинг кундалик фаолияти учун зарур маблағларни таъминлаш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади. Жумладан, Тошкент ва Самарқандда фаолият юритаётган парвариш ва гўзаллик маҳсулотлари дўконлари тармоғини кенгайтириш режалаштирилган. Компания олинган маблағлар ҳисобидан ҳудудлардаги фаолиятини кенгайтириш ва маҳсулотлар турини кўпайтиришни мақсад қилган.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ЕТТБ ҳамда Япония ва ЕТТБ ҳамкорлик жамғармаси томонидан грант маблағлари ҳам ажратилади. Бу пуллар «Star Group» компаниясида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ёрдам беради.

Шунингдек, ЕТТБ компанияда аёл ходимларнинг касбий ривожланиши ва компанияда ишлашда давом этишини қўллаб-қувватлаш ташаббусларини амалга оширади. Бунда аёл ходимлар учун устоз-шогирд дастури йўлга қўйилади.

«Star Group» — Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган, кундалик истеъмол товарларини тарқатиш ва чакана савдо билан шуғулланувчи компаниялар гуруҳи. Унинг фаолият йўналишларидан бири «Bloomshop» бренди остида гўзаллик ва парвариш маҳсулотлари савдосидир.

ЕТТБ ҳозиргача Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 7,3 млрд доллар бўлган 219 та лойиҳани молиялаштирган. Банк маблағларининг асосий қисми хусусий сектор ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЕТТБ 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини 7,5 фоизгача оширганди.

Teglar

Mavzuga oid