Logo

Ўзбекистон ва Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма кенгаш тузади

Мирзиёев ва Эрдўған учрашуви якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида бизнес, имтиёзли савдо ва ижтимоий таъминот бўйича бир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон ва Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма кенгаш тузади © Foto: president.uz

Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасидаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатлар тўплами, жумладан, Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

«Олий даражадаги учрашув натижалари кўп қиррали ва узоқ муддатли шерикликнинг турли йўналишларини қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатлар билан мустаҳкамланди», — дейилади хабарда.

Ўзаро савдо ва ижтимоий ҳимояга қаратилган келишувлар

Маълум қилинишича, томонлар иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган яна бир нечта муҳим ҳужжатларни қабул қилган.

Хусусан, давлат раҳбарларининг учрашуви доирасида қуйидагилар имзоланди:

— Имтиёзли савдо битими доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш тўғрисидаги баённома;

— Ижтимоий таъминот тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ва уни амалга ошириш бўйича маъмурий битим.

Бундан ташқари, 2022 йил 29 мартда имзоланган давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённомага ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қўшимча баённома ҳам имзоланганлиги қайд этилган.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, ушбу ҳужжатлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга, ишбилармон доиралар учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда икки мамлакат фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Teglar

Mavzuga oid