Logo

«Uzcard» тўққиз ой давомида 1,6 трлн сўмдан ортиқ соф фойда кўрди

Bugun 13:102 daqiqa

Мазкур кўрсаткич компаниянинг 2025-йил якунлари бўйича олинган жами соф фойдасидан 23 фоизга юқори.

«Uzcard» тўққиз ой давомида 1,6 трлн сўмдан ортиқ соф фойда кўрди © Uzcard

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ (Uzcard) 2026-йилнинг январ–сентябр ойлари якунларига кўра, қарийб 1,61 трлн сўм (аниқроғи 1 трлн 608 млрд 876 млн сўм) соф фойда олди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 73 фоизга кўп бўлиб, компаниянинг 2025 йилдаги умумий йиллик фойдасидан (1,3 трлн сўм) ҳам ошиб кетган.

Маълумотларга кўра, компаниянинг харидорлар билан шартномалари бўйича тушуми 36,5 фоизга ўсиб, 2 триллион 85 млрд сўмга етган. Бунинг асосий қисми — 1 трлн 895,2 млрд сўми (91 фоизи) процессинг бўйича транзаксион комиссиялар ҳиссасига тўғри келади. Но-транзаксион комиссиялардан эса 187,5 млрд сўм даромад олинганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, компаниянинг харажатлари ҳам мутаносиб равишда ошган. Жумладан, ходимларга сарфланган маблағлар 180,1 млрд сўмни, маркетинг харажатлари эса 164 млрд сўмни ташкил этган.

Маркетинг таркибида ҳомийликка 31,4 млрд сўм, брендни илгари суришга эса 15,1 млрд сўм йўналтирилган. Процессинг ва ускуналарга хизмат кўрсатиш харажатлари 49 фоизга ошиб, 48,4 млрд сўмга етган.

Профессионал хизматлар ва офис харажатларига 75,2 млрд сўм сарфланган бўлиб, шундан 60,4 млрд сўми 2024 йил июлидан буён ижро органи вазифасини бажараётган «UCMG» МЧЖ бошқарув компаниясига йўналтирилган.

Натижада операцион фойда 41,5 фоизга ўсиб, 1 трлн 445,7 млрд сўмга етгани хабар қилинди.

Захираларнинг қайтарилиши, солиқ юки ва дивидендлар

Таъкидланишича, соф фойданинг операцион фойдадан тезроқ ўсишига кутилаётган кредит йўқотишлари бўйича захираларнинг қайтарилиши асосий сабаб бўлган. Йил бошида берилган қарзлар бўйича 258,8 млрд сўм захира шакллантирилган эди.

Тўққиз ой ичида ушбу қарзларнинг 313,5 млрд сўми нақд пул шаклида қайтарилган. Яна 98,9 млрд сўмлик қарз бўйича аффилланган томон — «Btech» МЧЖ билан новатсия келишуви имзоланиб, кўчмас мулк қурилишини молиялаштириш ҳисобидан бериладиган аванс билан алмаштирилган. Агар бу омил чиқариб ташланса, солиқ тўлангунга қадар фойданинг ўсиши 89,2 фоиз эмас, балки 45,9 фоизни ташкил этган бўлар эди.

Шунингдек, ҳисобот даврида «Uzcard»нинг солиқ юки ортгани очиқланди. 2026-йил 1-апрелдан бошлаб компания «IT Park» резиденти мақомини йўқотган ва 0 фоизлик имтиёз ўрнига 15 фоизлик стандарт ставкада фойда солиғи тўлашни бошлаган. Оқибатда жорий фойда солиғи харажати 175,2 млрд сўмга етган (ўтган йили бу кўрсаткич 3,7 млрд сўм эди).

Ҳисобот якунида компания активлари йил бошига нисбатан 29,8 фоизга ошиб, 1 трлн 411,4 млрд сўмга, хусусий капитали эса 40,4 фоизга ошиб, 1 трлн 136,2 млрд сўмга етгани кўрсатиб ўтилган.

Маълумот учун, «Uzcard» тўлов тизими 2025 йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олган.

Teglar

Mavzuga oid

«Uzcard» тўққиз ой давомида 1,6 трлн сўмдан ортиқ соф фойда кўрди | Vaqt.uz