Logo

Ўзбекистонга газ ва бензин импорти кескин ошди: Пропан хариди 3,8 баробарга кўпайган

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Ўзбекистоннинг хориждан энергия ресурсларини сотиб олиш ҳажми сезиларли даражада ўсди.

Ўзбекистонга газ ва бензин импорти кескин ошди: Пропан хариди 3,8 баробарга кўпайган © Foto: centralasianlight.org

Ўзбекистонга 2026 йилнинг январ–сентябр ойларида нефт, нефт маҳсулотлари ва шунга ўхшаш материаллар импорти 1,558 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Ушбу товарлар гуруҳида тўққиз ой давомида бензин импорти 33,6 фоизга ошиб, 454 миллион долларга етган. Дизел ёнилғиси импорти эса 19,1 фоизга камайиб, 189,1 миллион долларни ташкил қилган.

Умуман олганда, ёнилғи ва мойлаш материаллари етказиб бериш ҳажми 1,152 миллиард долларга тенг бўлиб, бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 0,1 фоизга кам бўлган.

Қайд этилишича, минерал ёнилғи, мойлаш мойлари ва шунга ўхшаш материаллар импорти жами 3,369 миллиард долларга етиб, 21,6 фоизга ўсган. Ушбу гуруҳнинг умумий импортдаги улуши 8,1 фоиздан 8,5 фоизга кўтарилган.

Табиий газ ва пропан импортида ўсиш

Мазкур гуруҳ таркибида табиий ва сунъий газ импорти 1,605 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 49,9 фоизга ошган.

Суюлтирилган газ (пропан) импорти эса 3,8 баробарга кўпайиб, 152,2 миллион долларга етган.

Кўмир, кокс ва брикетлар етказиб бериш ҳажми 144,2 миллион долларни ташкил қилиб, 1,7 фоизга камайган. Электр токи импорти эса 25 фоизга қисқариб, 61,8 миллион долларга тушган.

Шунингдек, 2026 йил январ–сентябр ойларида Ўзбекистонга товарлар ва хизматлар импортининг умумий ҳажми 39,6 миллиард долларни ташкил этган ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,7 фоизга кўп. Мамлакатга товарлар ва хизматлар жами 160 дан ортиқ давлатдан етказиб берилган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ташқи бозорга 672,5 миллион долларлик нефт, нефт маҳсулотлари ва шунга ўхшаш материалларни экспорт қилган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг январ–сентябр ойларига нисбатан 44,4 фоизга ошган.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонга газ ва бензин импорти кескин ошди: Пропан хариди 3,8 баробарга кўпайган | Vaqt.uz