Logo

Тошкент етакчи, Андижонда рекорд: «Uzbekistan Airports» йўловчилар ва рейслар статистикасини эълон қилди

Bugun 20:412 daqiqa

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида мамлакат ҳаво бандаргоҳлари орқали 100 мингдан ортиқ рейс амалга оширилиб, хизмат кўрсатилган йўловчилар сони қарийб 13 миллионга яқинлашди.

Тошкент етакчи, Андижонда рекорд: «Uzbekistan Airports» йўловчилар ва рейслар статистикасини эълон қилди

Ўзбекистон аэропортларида 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида йўловчилар оқими 13 фоизга ошиб, 12,6 миллиондан ортиқ кишини ташкил этди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» компанияси матбуот хизмати маълум қилди.

9 ой давомида мамлакат аэропортлари 102 836 та авиарейсга хизмат кўрсатган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга кўпдир. Жумладан, парвозларнинг 71 625 таси халқаро йўналишлар (+8 фоиз), 31 211 таси эса ички йўналишлар (+17 фоиз ҳиссасига тўғри келган.

«Жами йўловчилар оқими 12 662 922 кишини ташкил этиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ошди. Халқаро йўналишларда 10 361 150 нафар йўловчига хизмат кўрсатилди. Ички рейсларда эса 2 301 772 йўловчи ташилиб, ўсиш 15 фоизни ташкил этди», — дейилади хабарда.

Тошкент етакчиликни сақлаб қолди, ҳудудларда эса турлича динамика

Мамлакатнинг энг йирик авиация маркази бўлган Тошкент аэропорти 8 489 320 йўловчига ва 62 482 та рейсга хизмат кўрсатган. Пойтахтда йўловчилар оқими 16 фоизга, рейслар сони эса 7 фоизга ошган.

Ҳудудий аэропортлар орасида энг юқори йўловчи ташиш кўрсаткичлари қуйидагича тақсимланди:

— Самарқанд — 1,11 миллион йўловчи;
— Урганч — 724,4 минг йўловчи;
— Фарғона — 511 минг йўловчи;
— Наманган — 497,6 минг йўловчи.

Энг юқори ўсиш суръатлари Андижон шаҳрида қайд этилиб, бу ерда йўловчилар оқими 8,7 баробарга ошган ва 161,4 минг кишига етган.

Шунингдек, хизмат кўрсатилган йўловчилар сони Термизда 48 фоизга, Урганчда 18 фоизга ва Нукусда 17 фоизга ошган.

Айрим аэропортлардаги пасайиш

Шу билан бирга, айрим ҳудудларда манфий кўрсаткичлар кузатилган. Хусусан, Наманганда йўловчилар оқими 16 фоизга, Қаршида эса 22 фоизга камайди. Ушбу ҳолат авиакомпаниялар томонидан геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда парвозлар жадвалига ўзгартиришлар киритилгани ва айрим йўналишларда талабнинг ўзгаргани билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Навоий аэропорти кўрсаткичларида юк ташиш ихтисослашувининг кучайиши акс этган. Йўловчи рейслари сони қисқариб, йўловчилар оқими 22 фоизга камайган бўлса-да, хизмат кўрсатилган рейсларнинг умумий сони 14 фоизга ошган. Асосий ўзгаришлар аэропортнинг юк ташиш авиация маркази сифатида ривожланишига тўғри келади.

Бухоро аэропортида эса йўловчилар оқими 407,4 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 1 фоизга камайган.

Юк ва почта ташиш ҳажми 27 фоизга ошди

Юк сегментида ҳам ижобий динамика кузатилган. Тўққиз ой давомида мамлакат аэропортлари 84,8 минг тонна юк ва почтани қайта ишлаган, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга кўп. Ушбу ҳажмнинг мутлақ катта қисми — 78 867,9 тоннаси Тошкент аэропорти ҳиссасига тўғри келган.

Teglar

Mavzuga oid

Тошкент етакчи, Андижонда рекорд: «Uzbekistan Airports» йўловчилар ва рейслар статистикасини эълон қилди | Vaqt.uz