Logo

Uzcard ва Humo карталарини ҳам тез орада Apple Pay хизматига улаш имконияти яратилади

Мамлакатда халқаро рақамли тўлов тизими фаолияти йўлга қўйилгани муносабати билан миллий тўлов тизимлари фойдаланувчилари учун ҳам янги қулайликлар тақдим этилиши кутилмоқда.

Uzcard ва Humo карталарини ҳам тез орада Apple Pay хизматига улаш имконияти яратилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда Apple Pay халкаро тўлов хизмати расман ишга туширилди ҳамда маҳаллий Uzcard ва Humo карталарини ҳам ушбу хизматга улаш имконияти тез орада тақдим этилади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати маълум қилди.

27 октябрь куни бўлиб ўтган ишга тушириш маросимидан сўнг фойдаланувчиларга банк карталарини Apple Wallet иловасига қўшиб, iPhone, Apple Watch ва бошқа мос қурилмалар орқали тўловларни амага ошириш имкони яратилди.

Дастлабки босқичда Apple Pay хизматига қуйидаги банк карталарини улаш мумкин:

— Ўзбекистон Миллий банки — Visa ва Mastercard;
— Ипак Йўли Банки — Visa ва Mastercard;
— Orient Finans Bank — Visa ва Mastercard;
— Капиталбанк — Visa ва Mastercard;
— TBC Bank Uzbekistan — Visa ва Mastercard;
— Octobank — Visa ва Mastercard;
— Ҳамкорбанк — Visa;
— Uzum Bank — Visa.

«Маҳаллий тўлов тизимлари (Uzcard ва Humo) карталарини Apple Pay хизматига улаш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда ва уларни хизматга улаш имконияти тез орада тақдим этилади», — дейилади Марказий банк хабарида.

Марказий банк маълумотларига кўра, тўловларни амага оширишда карта маълумотларининг махфийлиги ва тўловлар хавфсизлиги махсус технологик ечимлар орқали таъминланади. Хизматдан фойдаланиш имконияти банклар ҳамда тўлов тизимларининг техник тайёргарлигига қараб босқичма-босқич кенгайтириб борилади.

Бундан ташқари, 27 октябрдан эътиборан Google Wallet ва Apple Wallet иловаларига Ўзбекистон банклари томонидан чиқарилган карталарни қўшиш имконияти пайдо бўлди. Ҳозирда Google Wallet тизими 9 та банк — AVO Bank, Octobank, Uzum Bank, TBC Bank, Алоқабанк, Капиталбанк, Ипак Йўли банки, Ўзмиллийбанк ҳамда Orient Finans Bank томонидан чиқарилган Visa ва Mastercard карталарини қўллаб-қувватламоқда.

Apple Pay хизматининг жорий этилиши мамлакат тўлов инфратузилмасининг халкаро рақамли тўлов технологиялари билан интеграциялашувини кенгайтиради.

Teglar

Mavzuga oid