Logo

Тарихдаги энг йирик крипто-ўғрилик: «Binance» биржасидан 6,3 миллиард доллар ўғирланди

Bugun 10:253 daqiqa

Дастлабки текширувлар ҳужум ортида Шимолий Кореянинг «TraderTraitor» хакерлар гуруҳи турганини ва компания муҳандисларидан бирининг ноутбуки бузиб кирилганини кўрсатмоқда.

Тарихдаги энг йирик крипто-ўғрилик: «Binance» биржасидан 6,3 миллиард доллар ўғирланди © Sun'iy intelekt

29 октябр куни дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси «Binance» ўз тизимида тарихдаги энг йирик крипто-ўғрилик бўлиши кутилаётган «хавфсизлик билан боғлиқ ҳодиса» оқибатида тахминан 6,3 миллиард долларлик маблағ ўғирланганини маълум қилди.

«Binance»нинг 30 октябрдаги расмий баёнотига кўра, дастлабки текширувлар ҳодиса компаниядаги «DevOps» муҳандисларидан бирининг ноутбуки бузиб кирилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Ҳужумчи ушбу қурилма орқали хизмат кўрсатувчи тизимдан бирига кириш ва рухсатсиз криптоактивларни чиқариб олиш операцияларини амалга ошириш имконига эга бўлган.

Компания ҳозирча криптоҳамёнларнинг махфий калитлари ўғирлангани бўйича ҳеч қандай далил топилмаганини билдирган. Шу билан бирга, ҳодисанинг техник сабаблари тўлиқ аниқлангач, батафсил ҳисобот эълон қилиниши айтилган.

Блокчейн таҳлили билан шуғулланувчи «TRM Labs» компанияси маълумотларига кўра, 29 октябр куни ҳужумчи «Binance»нинг ўнта блокчейндаги ҳамёнларидан тахминан 6,36 миллиард долларлик криптоактивларни ўғирлаган. Ушбу операцияларнинг асосий қисми бор-йўғи 20 дақиқа ичида амалга оширилган. «Chainalysis» таҳлилчилари эса 30 октябр соат 00:30 UTC ҳолатига камида 5,912 миллиард долларлик криптоактив ўғирланганини тасдиқлаган.

3 миллиард долларлик криптоактив музлатилди, ҳужум ортида ким тургани айтилди

Ҳодисадан кейин крипто-индустриядаги бошқа компаниялар ҳам маблағлар ҳаракатини зудлик билан тўхтатишга киришган. Хусусан, «Tether» ва «Circle» стейблкоин эмитентлари ҳужум билан бевосита боғлиқ активларни музлатиб қўйган.

«Reuters» маълумотларига кўра, «Tether» қарийб 1,57 миллиард долларлик USDT, «Circle» эса 800 миллион доллардан ортиқ USDC маблағларини блоклаган. «Ripple» ҳам ҳодисага алоқадор маблағларни музлатишга қаратилган тезкор чораларни кўрган.

«Binance» дастлаб 29 октябр куни соат 23:35 UTC ҳолатига кўра 2,54 миллиард долларлик актив музлатилганини билдирган эди. Компаниянинг 30 октябрдаги кейинги баёнотида эса ҳамкорлар билан биргаликда блокчейн тармоқларида жами тахминан 3 миллиард долларлик актив блоклангани маълум қилинган.

«TRM Labs» мазкур ҳужум ортида Шимолий Кореянинг «TraderTraitor» деб номланувчи хакерлар гуруҳи турганини юқори ишонч билан билдирган. Таҳлилчилар бундай хулосага блокчейндаги операциялар ҳамда бошқа разведка маълумотларини чуқур ўрганиш орқали келган.

Агар мазкур ҳужум бўйича келтирилган 6,36 миллиард долларлик баҳолаш тасдиқланса, у криптовалюта тарихидаги энг йирик ўғирлик ҳолатига айланади. Масалан, 2025 йилда «Bybit» криптобиржасидан 1,5 миллиард долларлик криптоактив ўғирланган эди. «TRM Labs» янги ҳодисанинг кўлами ўша ҳужумдан қарийб тўрт баравар катта эканини қайд этган.

«Binance» операцияларни тўхтатди, криптобозорда нархлар тушди

Хавфсизлик ҳодисаси сабабли «Binance» депозит киритиш ва маблағ ечиш операцияларини вақтинча тўлиқ тўхтатган. Компания зарарланган ҳамён манзилларининг рухсатларини бекор қилган, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда блокчейн таҳлили билан шуғулланувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаётганини билдирган.

Биржа фойдаланувчиларнинг маблағлари хавфсиз эканини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, барча йўқотишлар фойдаланувчилар учун махсус ташкил этилган «SAFU» жамғармаси ва компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан юз фоиз қопланишини маълум қилган. Тизимдаги барча муаммолар бартараф этилгач, захиралар ҳолати бўйича янгиланган ҳисобот ҳам эълон қилиниши кутилмоқда.

Мазкур ҳодиса криптовалюта бозоридаги нархларга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. «Reuters» маълумотларига кўра, 30 октябр куни Осиё савдолари бошланиши билан биткоин нархи олти ҳафталик энг паст даражага — 76 469 долларгача тушиб кетган. «Ethereum» нархи ҳам 3 фоиздан кўпроққа пасайиб, 2 185 доллар атрофида савдо қилинган. «Binance» билан боғлиқ «BNB» токени ҳам ўз қийматини сезиларли даражада йўқотган.

«Reuters» билан суҳбатлашган таҳлилчилар ушбу ҳодиса марказлаштирилган криптобиржаларга бўлган ишончга салбий таъсир қилиши мумкинлигини билдирган. Хусусан, биржада депозит ва пул ечиш операцияларининг тўхтатилиши трейдерлар ҳамда бозор иштирокчиларининг бошқа платформалар орқали маблағ ҳаракатлантириш имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid