2026-йилда дунёда ишсизлик даражаси: қаерда иш топиш қийин ва қаерда осон?
Йирик иқтисодиётлардан тортиб ривожланаётган мамлакатларгача бўлган ҳудудларда ишсизлик даражаси сезиларли даражада фарқ қилади. Бу эса дунё бўйлаб меҳнат бозоридаги вазият бир хил эмаслигини кўрсатади.
© foto: laoistoday.ie2026-йилда айрим мамлакатларда ишсизлик даражаси нисбатан паст бўлиши кутилмоқда. Бошқа давлатларда эса иш билан таъминлаш борасида жиддий муаммолар сақланиб қолади. Бундай фарқлар иқтисодий ўсиш суръатлари, аҳоли таркиби ва ҳар бир мамлакатдаги меҳнат бозорининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ.
Харитада 2026-йилда 103 та мамлакатда ишсизлик даражаси қандай бўлиши прогноз қилингани кўрсатилган. Маълумотлар Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) 2026-йил октябр ойида эълон қилинган «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» (World Economic Outlook) ҳисоботига асосланган.

Таҳлил қилинган мамлакатлар орасида Суданда ишсизлик даражаси энг юқори бўлиши кутилмоқда — 59,5 фоиз. Бу мамлакатда узоқ давом этаётган қуролли можаролар иқтисодиётга катта зарар етказган. Кейинги ўринда Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) турибди. У ерда ишсизлик даражаси 33,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган. Меҳнат бозоридаги узоқ йиллик муаммолар миллионлаб одамларни ишсиз қолдирмоқда.
Ишсизликнинг юқори даражаси ҳатто бой мамлакатларда ҳам кузатилмоқда
Европанинг бир қатор давлатларида иқтисодий ривожланиш даражаси юқори бўлишига қарамай, ишсизлик кўрсаткичлари анча баланд.
Европа мамлакатлари орасида меҳнат бозоридаги фарқлар айниқса яққол кўзга ташланади. Финляндияда 2026-йилда ишсизлик даражаси 10,2 фоиз бўлиши кутилмоқда. Бу Полшадаги 3,2 фоизлик кўрсаткичдан уч баравардан ҳам юқори. Финляндияда ички талабнинг пастлиги ва қурилиш соҳасидаги узоқ давом этаётган пасайиш янги иш ўринлари яратилишига тўсқинлик қилмоқда.
Францияда ишсизлик даражаси 8,4 фоиз бўлиши прогноз қилинган. Бу Германиядаги 4 фоизлик кўрсаткичдан икки баравардан кўпроқ. Бу пайтда Германия саноати ҳамон қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.
Шимолий Америкада эса АҚШ меҳнат бозорида бошқача вазият кузатилмоқда. Мамлакатда компаниялар янги ходимларни ишга олишга ҳам, мавжуд ходимларни ишдан бўшатишга ҳам шошилмаяпти. Шу сабабли оммавий ишдан бўшатишлар кузатилмаётган бўлса-да, янги иш топиш тобора қийинлашмоқда.
Таиланд, Ветнам, Япония ва Россияда расмий ишсизлик даражаси пастлигича қолиши кутилмоқда. Хитой ва Ҳиндистонда ҳам бу кўрсаткич нисбатан паст. Бироқ ушбу икки мамлакатда ишсизлик, айниқса, 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар орасида кенг тарқалган. Масалан, Ҳиндистонда ушбу ёш тоифаси мамлакат аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этади. Бу эса тахминан 367 миллион кишига тенг.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект меҳнат бозорини қандай ўзгартираётгани ҳақида ёзган эдик. Жаҳон банки вакилининг айтишича, Ўзбекистонда иш берувчиларнинг ярмидан кўпи малакали кадрлар етишмаслигини бизнес ривожига жиддий тўсиқ деб ҳисоблайди.





