Logo

Эрон элчихонаси Самарқанд ҳақидаги баҳсли постини ўчириб ташлади

Bugun 21:411 daqiqa

Эроннинг Арманистондаги элчихонаси Х (собиқ Twitter) тармоғидаги Самарқандни форс цивилизациясининг бир қисми деб атаган постини тармоқдан олиб ташлади. Бу ҳолат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Эрон элчисига норозилик нотаси топширилганидан сўнг юз берди.

Эрон элчихонаси Самарқанд ҳақидаги баҳсли постини ўчириб ташлади © Getty Images / Pavel Tochinsky

Маълум қилинишича, 25 октябрга келиб Эроннинг Арманистондаги дипломатик ваколатхонаси томонидан эълон қилинган постга олиб борувчи ҳавола ишламай қолган.

Аввалроқ, 23 октябрь куни Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган эди. Учрашувда Ўзбекистон томони Самарқанднинг тарихий-маданий меросини бузиб кўрсатувчи ҳамда сиёсий тусдаги провокацион баёнотларни ўз ичига олган постлар юзасидан қатъий норозилик билдирган ва элчига тегишли нота топширган.

Баҳснинг келиб чиқиши


Ушбу ҳолатга АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг 19 октябрь куни Самарқандга ташрифи доирасидаги баёноти сабаб бўлган. Рубио ўз постида шаҳарнинг жаҳон савдосидаги тарихий ўрнини қайд этиб, ўтмиш келажак учун имкониятлар яратишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Бунга жавобан Эроннинг Арманистондаги элчихонаси Самарқанд форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми эканини даъво қилган. Шунингдек, эронлик дипломатлар Рубионинг 7 октябрь куни Афинада сўзлаган ҳамда қадимги юнонлар ва форслар ўртасидаги қарама-қаршиликка бағишланган нутқини ҳам эслатиб ўтишган. Бундай баёнотлар Тошкентнинг кескин реакциясига сабаб бўлди.

Teglar

Mavzuga oid