Logo

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар ҳажми 25 трлн сўмдан ошди

Bugun 17:503 daqiqa

Ўтган 9 ойда мамлакатдаги банкларнинг жами кредит портфели 604 трлн 2 млрд сўмдан 659 трлн 87 млрд сўмга ошган.

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар ҳажми 25 трлн сўмдан ошди

Ўзбекистоннинг тижорат банкларидаги муаммоли кредитлар (НПЛ) ҳажми сўнгги тўққиз ой ичида 18 трлн 55 млрд сўмдан 25 трлн 41 млрд сўмгача кўпайди (ўсиш 38,7 фоиз). Шу билан бирга, умумий кредит портфелидаги муаммоли кредитлар улуши йил бошидаги 2,99 фоиздан 3,80 фоизгача кўтарилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотлар берди.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида банкларнинг жами кредит портфели 604 трлн 2 млрд сўмдан 659 трлн 87 млрд сўмга (9,1 фоизга) ошган. Таҳлилларга кўра, муаммоли кредитлар портфелга нисбатан қарийб 4,2 баробар тезроқ кўпайган.

Давлат улушига эга 9 та банкда НПЛ ҳажми 12 трлн 834 млрд сўмдан 16 трлн 942 млрд сўмгача (32,0 фоизга) ошган бўлса, қолган 26 та банкда муаммоли кредитлар миқдори 5 трлн 221 млрд сўмдан 8 трлн 99 млрд сўмгача (55,1 фоизга) етган. Натижада, давлат банкларининг жами НПЛ миқдоридаги улуши 71,1 фоиздан 67,7 фоизгача пасайган.

Кредит портфелидаги ўсиш ва қисқаришлар


Кредит портфелининг мутлақ ўсиши бўйича «Агробанк» тизимда етакчилик қилмоқда. Банк портфели 81,1 триллион сўмдан 95,9 триллион сўмга (+18,2 фоиз) кўпайган. Бундан ташқари, «Ҳамкорбанк» (+31,1 фоиз), «Халқ банки» (+14,3 фоиз), «Алоқабанк» (+23,1 фоиз) ва «Ипак Йўли банк» (+24,2 фоиз) портфелларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган.

Фоиз ҳисобида энг тез ўсган банклар қаторига кичик портфелли «Узум Банк» (+352,1 фоиз), «Пойтахт банк» (+164,9 фоиз), «АПЕХ БАНК» (+152,3 фоиз) ва «Опен Банк» (+124,8 фоиз) кирди.

Бунинг акси ўлароқ, айрим банкларнинг кредит портфели қисқарган. Хусусан, «Ўзсаноатқурилишбанк»да портфел 8,6 фоизга (64,9 триллиондан 59,3 триллион сўмгача), «ТБC Банк»да 25,2 фоизга, «Асакабанк»да 5,2 фоизга, «Ўзмиллийбанк»да 1,2 фоизга ҳамда «Тенге Банк»да 12,2 фоизга камайган.

Муаммоли кредитлари энг кўп ошган банклар

Тўққиз ойлик якунларига кўра, йил бошида ва ҳозирда фаолият юритаётган 34 та банкдан 22 тасида муаммоли кредитлар улуши ошган. Нисбий кўрсаткичлар бўйича энг катта ёмонлашув «Мадад Инвест банк»да кузатилди: НПЛ ҳажми 2,6 млрд сўмдан 254,8 млрд сўмгача (қарийб 97 баробар) ошиб, улуши 0,62 фоиздан 43,42 фоизгача кўтарилди.

Шунингдек, «ТБC Банк»да муаммоли кредитлар улуши 5,71 фоиздан 13,40 фоизгача, «Микрокредитбанк»да эса 4,41 фоиздан 11,39 фоизгача ошган. «Микрокредитбанк» НПЛ ҳажмининг 894 миллиард сўмдан 2 трлн 739 млрд сўмгача ошиши билан тизимдаги умумий НПЛ ўсишининг 26,4 фоизини ташкил этди.

«АНОРБАНК» муаммоли кредитлари улуши 4,75 фоиздан 9,03 фоизгача, «Ориент Финанс банк»да эса 0,15 фоиздан 3,94 фоизгача (ҳажми қарийб 27 баробарга) ошган. Муаммоли кредитлар улуши 5 фоиздан юқори бўлган банклар сони саккизтани ташкил қилди: «Мадад Инвест банк» (43,42 фоиз), «Пойтахт банк» (13,79 фоиз), «ТБC Банк» (13,40 фоиз), «Микрокредитбанк» (11,39 фоиз), «АНОРБАНК» (9,03 фоиз), «АВО Банк» (6,90 фоиз), «Гарант банк» (6,07 фоиз) ва «Бизнесни ривожлантириш банки» (5,78 фоиз).

Муаммоли кредитларнинг энг катта ҳажми «Агробанк» (3 трлн 180 млрд сўм), «Ўзмиллийбанк» (3 трлн 107 млрд сўм) ва «Микрокредитбанк» (2 трлн 739 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келмоқда. Энг йирик бешта банкнинг жами НПЛ миқдоридаги улуши йил бошидаги 55,9 фоиздан 49,6 фоизгача пасайган.

Ижобий ўзгаришлар ва энг паст кўрсаткичлар

Муаммоли кредитлар ҳажми реал рақамларда фақатгина бир нечта банкда камайган. Хусусан, «Зираат Банк Узбекистан»да НПЛ ҳажми 84,1 миллиард сўмдан 60,3 млрд сўмгача, «Ипотека-банк»да эса 1 трлн 257 млрд сўмдан 1 трлн 239 млрд сўмгача пасайган. «Пойтахт банк», «АВО Банк» ва «Ҳаёт Банк» каби банкларда НПЛ ҳажми ошган бўлса-да, портфелнинг кескин ўсиши ҳисобига муаммоли кредитлар улуши камайган.

Энг паст НПЛ кўрсаткичлари «КДБ Банк» ва «Оcтобанк»да сақланиб қолди — уларда муаммоли кредитлар нолга тенг. Бундан ташқари, «Узум Банк» (0,03 фоиз), «АПЕХ БАНК» (0,08 фоиз), «Опен Банк» (0,42 фоиз) ва «Таянч микромолия банки»да (0,84 фоиз) бу кўрсаткич жуда паст даражада қолмоқда. «Ҳамкорбанк», «Универсалбанк», «Асиа Аллианcе Банк» ва «Ипак Йўли банк»да улуш бироз ошган бўлса-да, 2 фоиздан пастлигича сақланиб турибди.

Аввалроқ Vaqt.uz муаммоли кредитлар кўрсаткичининг сўнгги 7 йилда қандай ўзгарганини таҳлил қилганди.

Mavzuga oid