Logo

Янги алифбонинг банк соҳасига таъсири: эски шартнома ва пуллар ўз кучини йўқотадими?

Bugun 11:582 daqiqa

2026-йил 21-октябрда тасдиқланган янги қонун билан ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритилди ва ушбу қонун 2027-йил 22-апрелдан амалга киради.

Янги алифбонинг банк соҳасига таъсири: эски шартнома ва пуллар ўз кучини йўқотадими? © statuz

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосига ўтилиши муносабати билан айрим банк номларининг ёзилиши ўзгариши мумкин. Бироқ эски алифбода тузилган банк шартномалари, муомаладаги миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз юридик кучини тўлиқ сақлаб қолади. Бу ҳақда 2026 йил 21-октябрда қабул қилинган ЎРҚ–1184-сонли қонунда белгиланган.

Қонуннинг 1-моддасига асосан, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат алифбо (O‘ → Ö, G‘ → Ğ, Sh → Ş, Ch → Ç) жорий этилади. Ҳужжат 2027-йил 22-апрелдан расман кучга киради.

Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда янги алифбони амалиётга жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим.

Банк номлари ва бошқа ёзувларни янги алифбога мослаштиришнинг аниқ муддатлари айнан мана шу дастур асосида белгиланади.

Шартномалар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар тақдири

Қонуннинг 2-моддасига кўра, ҳужжат кучга киргунига қадар лотин алифбосида расмийлаштирилган барча юридик ҳужжатларда ҳарфларнинг аввалги шакли мавжудлиги уларнинг амал қилишига тўсқинлик қилмайди. Бу қуйидаги молиявий воситалар ўз кучини сақлаб қолишини англатади:

— Шартномалар: Илгари тузилган барча турдаги кредит, омонат ва гаров шартномалари юридик жиҳатдан ҳақиқий ҳисобланади ва уларни қайта тузиш талаб этилмайди.

— Миллий валюта: Муомаладаги сўм банкнотларини янги алифбодагисига алмаштириш мажбурий эмас. Пул белгиларидаги аввалги ҳарфлар унинг тўлов воситаси сифатидаги мақомига таъсир қилмайди.

— Қимматли қоғозлар: Илгари расмийлаштирилган акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар ҳам ўз амал қилишини ва муомалада бўлишини давом эттиради.

Teglar

Mavzuga oid