АҚШ ва Хитой Ой учун курашяпти
Пекин 2030 йилгача Ойга тайконавт жўнатмоқчи. АҚШ эса мартда 4 кишили миссияни Ернинг табиий йўлдоши томон учиради. Миссия Ой атрофини айланиб ўтади, лекин қўнмайди. Ойга ким биринчи қадам қўйса, шу давлат кейинги қоидаларни белгилайди.
Америкалик астранавт Южин Сернан Ойга қадам қўйган сўнгги одам, ҳозирча сўнгги. Унинг бошчилигидаги «Apollo-17» миссияси 1972 йилда Ойга қўнган ва шу билан АҚШ Ернинг табиий йўлдошига астранавтларни юборишни тўхтатган. Орадан 50 йилдан ортиқ вақт ўтгач, бу масала яна кун тартибида ва Ойга одам жўнатишга тайёрагликлар авжида. Бу сафар АҚШ ёлғиз эмас. У бу пойгада Хитойга қарши курашиши керак.
Шу ерда оддий савол: НEГА? Нега Ой миссияси муҳим, нега у 50 йил давомида тўхтаб қолганди, нега айнан ҳозир фазогир жўнатиш керак ва нега айнан бу икки давлат – Хитой ва АҚШ? Қуйида шу саволларга жавоб қидириб кўрамиз.
Келинг, жавобларни қидиришни тарихдан бошласак. Аслида биринчи пойгада ҳам АҚШ ёлғиз эмасди. Совуқ уруш даврида у Совет Иттифоқи билан нафақат Ердаги таъсир доираси минтақаларида, балки космосда ҳам беллашган. Совет Иттифоқидан бўлган Юрий Гагарин 1961 йилда космосга чиққан бўлса, орадан 8 йил ўтиб америкалик Нил Армстронг Ойга қадам қўйди. СССРнинг Ой миссиялари муваффаққиятсизликка учради. АҚШ ҳам яна 5 марта Ойга астронавт жўнатгач, лойиҳани тўхтатди. Бунга сабаб эса ПУЛ.
«Apollo» миссиялари жуда қиммат эди. NASA ҳар бир миссияга миллиардлаб доллар сарфлади. 1972 йилдан сўнг Ой миссиясини давом эттириш учун сиёсий босим камайди, чунки бу пойгада ғалаба қилиб бўлинганди, АҚШ ҳукумати эса маблағни бошқа масалаларга йўналтирмоқчи бўлди, масалан, Виетнам уруши ва ижтимоий дастурларга. NASA эса этиборини космик станциялар ва Ер орбитасига қаратди.
Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қуйидаги қизиқ гапини эшитган бўлса керак:
«Андижонликлар қайда йўқ?
Андижонликлар ойда йўқ.
Нима учун ойда йўқ?
Чунки ойдан фойда йўқ».
Бироқ бугунги кунга келиб бу гаплар эскирди. Ҳозирда Ойдан катта фойда бор. Ой тошлари ва тупроғининг асосий қисмини кислород, кремний, магний, темир, калций, алюминий ташкил қилади. Шунингдек, Ерда жуда кам учрайдиган гелий-3 ни ҳам Ойдан топиш мумкин. Қуёш шамоли туфайли у Ой юзасига жамланган. Гелий-3 келажакда тоза ядровий синтез ёқилғиси сифатида қўлланилиши мумкин (Тегишли лойиҳа ҳозирча тажриба босқичида).
Шунингдек, ракеталар, скафандрлар ва Ойга қўниш технологиялари анча ривожланди. Геосиёсий вазият ҳам бунга йўл очмоқда. АҚШ ва Хитой каби давлатлар учун Ойга қайтиш – куч ва технологик устунлик рамзи ҳисобланади. Бундан ташқари, SpaceX ва Blue Origin каби компаниялар Ойни ноёб элементларни қазиб олиш, космик туризм ва келажакдаги космик базалар учун истиқболли ҳудуд сифатида кўрмоқда.
Хитой қандай қилиб пойгага қўшилиб қолди?
Хитой тайконавтларини Ойга қўндириш йўлида изчил иш олиб бормоқда. 2025 йил 30 октябр куни Хитой 2030 йилга қадар Ой миссиясини амалга ошириш йўлида «режа асосида ҳаракатланаётгани»ни маълум қилди.
Хитойнинг одамли Ой миссиясига яқинлашаётган сана мамлакат учун жуда таъсирли ривожланиш йўлини англатади. Пекин ўзининг илк тайконаути Ян Ливейни 2003 йилда «Шензҳоу 5» миссияси орқали космосга чиқарган эди. Хитойнинг Ойга қўниш учун ўн йиллаб олиб борган тайёргарлиги 1960-70-йилларда АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги космик пойгада кузатилган «биринчи ютуқлар»ни эслатади.
Хитой аввал бир тайконаутли парвоздан икки кишилик миссияга, кейин эса уч кишилик миссияга ўтди. Ушбу парвозда хитойлик тайконаут томонидан илк бор очиқ космосга чиқиш амалга оширилди. Кейинчалик мамлакат Ер атрофи паст орбитасида «Тиангонг» космик станциясини барпо этди. 2030 йилда Халқаро космик станция фаолияти тугатилгандан сўнг, Хитой Ер орбитасида доимий станцияга эга бўлган ягона давлатга айланади.
Хитойнинг космосда ўз иштирокини босқичма-босқич кучайтириб бориши унинг технологик қудратини яққол кўрсатади. Ишончли учириш тизимлари туфайли Хитой ўз космик мақсадлари учун аниқ режалар ва реал вақт жадвалларини тузиш имконига эга. 2025 йил август ойида Хитой «Long March 10» ракетасининг энг янги модели учун ерда синов ўтказди.
Ушбу модел 2030 йилда янги авлод «Менгзҳоу» экипаж капсуласи орқали тайконаутларни Ойга олиб чиқиш учун мўлжалланган. У ҳозиргача одамли парвозлар учун асосий ишчи аппарат бўлиб келган «Шензҳоу» кемасининг ўрнини босади.
Хитойнинг Ой қўниш аппарати синовлари 2024 йилдан бери давом этмоқда. Робот прототипи 2027 ва 2028 йилларда синовдан ўтказилиши режалаштирилган. Экипажсиз «Менгзҳоу–Ланюе» миссияси эса 2028 ёки 2029 йилларда амалга оширилиши, 2030 йилдаги тўлиқ одамли Ой миссиясига йўл очилиши кўзда тутилган.
Хитойнинг Ойга олиб бораётган йўли реалистик, амалга ошириш мумкин ва энг муҳими – режа асосида кетмоқда. Космосдаги кўп ўн йиллик тажрибаси Хитойга нафақат зарур билим ва технологияларни, балки кўплаб давлатларда етишмайдиган икки муҳим омилни ҳам берган: аниқ стратегик қараш ва катта молиявий имкониятлар.
2024 йилда Хитой давлат космик дастурларига сарфланган маблағлар бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Бироқ унинг 19 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги харажатлари АҚШ сарфлаган 79 миллиард долларга нисбатан 60 миллиард долларга кам эди. Шу билан бирга, Хитой миссиялари, камида ташқи томондан қараганда, сиёсий ўзгаришлар таъсирида камроқ издан чиқади.
Хитой тайконаутининг Ойга қўниши катта рамзий аҳамиятга эга бўлади, айниқса агар мамлакат NASA режалаштираётган қайтиш миссиясидан олдин бунга эришса. Бироқ бундай ютуқ оддий нуфуз масаласидан анча кенг маънога эга. Шунинг учун ҳам АҚШ расмийлари ташвишда.
Хитойнинг Ойга қўниши мамлакатга космоснинг янги даврида қоидаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар кун тартибини белгилаш ва геосиёсий манзарани ўз манфаатларига мос равишда йўналтириш имконини беради.
АҚШ Хитой ўзиб кетишини истамайди
NASA ҳозирда ўзининг тарихий «Artemis II» Ой миссиясини илк бор учириш учун март ойини энг эрта эҳтимолий сана сифатида белгиламоқда. Ушбу миссия 50 йилдан ортиқ вақт аввал якунланган «Apollo» дастуридан сўнг илк бор тўрт нафар астронавтни чуқур космосга олиб чиқади.
NASA астронавтларни Ой атрофида илк бор мисли кўрилмаган траектория бўйлаб олиб чиқадиган улкан ракета тизими учун ўта муҳим бўлган ёқилғи тўлдирилган ҳолдаги тўлиқ синовни муваффақиятли якунлаган. Олдинроқ миссия 8 феврал куниёқ учирилиши кутилган эди. Аммо техник сабабларга кўра учириш кейинги ойга қолдирилди. Энди NASA 6-11 март кунларини учириш учун эҳтимолий сана сифатида кўрсатмоқда.
Бироқ бу сафар учадиган астранавтлар Ойга қўнмайди, улар табиий йўлдошнинг атрофини айланиб ўтади. Шундай бўлса-да улар 50 йилдан сўнг Ойга яқинлашган одамлар бўлади ва ҳаммаси яхши ўтишига умид қилмоқда.
«Бугунги энг муҳим жиҳат — ўша ракетани учириш майдонига чиқариш учун қанча меҳнат ва саъй-ҳаракат керак бўлгани, деб ўйлайман. Шунинг учун умид қиламанки, жамоамиз буни нишонлаяпти, чунки бу олдинда турган катта қадамнинг муҳим қисми ҳисобланади», – дейди «Artemis II» эжипаж аъзоси Виктор Гловер.
Хўш, олдинда нима кутмоқда?
NASAнинг мақсади астронавтларни Ойнинг Жанубий қутбига қўндириш. Нега айнан ўша жой дейсизми? Чунки у ерда сув музлари бор. Олимлар Жанубий Қутбдаги доимий соя тушадиган кратерларда музлаган сув топишган.
Сув муҳим, чунки астронавтлар уни ичиши, нафас олиш учун кислород ва ракеталар учун водород ёқилғиси ажратиши мумкин. Бу Ойни Марс ёки бошқа чуқур космос миссиялари учун ёқилғи қуювчи станцияга айлантириши мумкин.
Жанубий Қутб яқинидаги баъзи тоғ чўққиларида деярли доимий қуёш нури бўлади. Бу қуёш энергияси учун аҳамиятли, шу орқали Ойдаги базалар улкан батареяларга муҳтож бўлмасдан ишончли энергияга эга бўлиши мумкин.
Шундай қилиб кураш авжида. Бу кураш эса мисли кўрилмаган ёки фантастик киноларда кўрилган саҳналарни реалликка айлантириши мумкин. Рақобат бор жойда ривожланиш бўлади деганларидек, Хитой ва АҚШнинг баҳси ортидан инсоният катта кашфиётлар бўсағасида турибди.
Теглар






