Тошкент шаҳар ҳокимига икки ўринбосар тайинланди

Bugun 09:522 daqiqa

Янги ўринбосарлардан бири бунгача Президент Администрациясида, иккинчиси эса Божхона қўмитасида ишлаб келаётган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимига икки ўринбосар тайинланди

Тошкент шаҳар ҳокимига икки нафар янги ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Даулетияр Бахтиярович Худайбергенов Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Шу пайтгача ушбу лавозим вакант бўлиб турганди.

Алишер Исматиллаевич Дўсмуҳамедов эса Тошкент шаҳар ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари — Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари лавозимига тайинланди. Унгача ушбу лавозимда 2022-йилдан бери Алексей Хен ишлаб келаётган эди.


Даулетияр Худайбергенов ҳақида

Даулетияр Худайбергенов 1990-йилда Нукус шаҳрида туғилган. 2013-йилда Тошкент давлат юридик институтини бакалавриат, 2015-йилда магистратура босқичларини тамомлаган. 

2024-йилда Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетини қайта тайёрлаш йўналиши бўйича тугатган. 2025-йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясининг магистратура босқичини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2014-йилда бошлаб, қатор масъулиятли вазифаларни бажариб келган. 

Президент Администрациясида ишлаган даврида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этиш, саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш, қурилиш ва коммунал соҳани ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича ислоҳотларда бевосита иштирок этган.

Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.

Алишер Дўсмуҳамедов ҳақида

Алишер Дўсмуҳамедов 1981-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2002-йилда Тошкент электротехника алоқа институтини, 2006-йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2013-йилда Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини, 2021-йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2003-йилда бошлаб, қатор масъулиятли вазифаларда ишлаган.

2023-йил 29-мартдан буён Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Teglar

Mavzuga oid