Logo

Башар Асад ўлим жазосига ҳукм қилинди

Бугун 17:402 дақиқа

Шунингдек, унинг укаси ҳам худди шундай жазога лойиқ деб топилди.

Башар Асад ўлим жазосига ҳукм қилинди

Сурия суди мамлакатнинг собиқ президенти Башар Асадни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Суриянинг расмий «SANA» агентлиги хабар берди.

Суд Асадни қасддан одам ўлдириш, инсониятга қарши жиноятлар содир этиш ва қийноқлар қўллашда айбдор деб топган. Ҳукм собиқ президент судда иштирок этмаган ҳолда чиқарилган.

Ўлим жазосига, шунингдек, Асаднинг укаси, ҳозирда Россияда яшаётган Маҳер ал-Ассад ва ўтган йилнинг январ ойида ҳибсга олинган, Сурия жанубидаги Дараа вилоятининг собиқ сиёсий хавфсизлик бошлиғи Атеф Нажиб ҳам ҳукм қилинган.

Нажиб Дараа вилоятидаги норозилик намойишларини шафқатсизларча бостиришга раҳбарлик қилганликда айбланган.

Суд ҳужжатларига кўра, унинг жиноятлари қаторига қотиллик, «15 ёшгача бўлган болаларни қасддан ўлдириш» ва «ўлимга олиб келувчи қийноқлар» киради.

Асад ҳокимияти қулаган

Башар Асад Сурияни 2000 йилдан 2024 йил декабрига қадар бошқарган. 2024 йил 8 декабрда унинг ҳукумати ағдарилганидан сўнг Асад мамлакатдан қочиб кетган ва Россиядан бошпана олган.

Суриядаги янги ҳокимият Асад ҳукмронлиги даврида содир этилган жиноятлар бўйича собиқ юқори лавозимли амалдорларни жавобгарликка тортиш жараёнини бошлаган.

Асаднинг Россиядаги ҳаёти

Асад ҳукмронлиги қулаганидан кейин Россия унга бошпана берди. Москва Асаднинг сиёсий ва оммавий фаолият билан шуғулланмаслиги шарти билан бошпана тақдим этганини Россия дипломатик манбалари тасдиқлаган.

Асаднинг кейинги ҳаёти ҳақида хорижий нашрлар унинг Москвада нисбатан ёпиқ ҳаёт кечираётгани, рус тилини ўрганаётгани ва офталмология бўйича билимларини чуқурлаштираётганини ёзган. Асад ҳокимиятга келишидан олдин офталмолог бўлган.

Теглар

Мавзуга оид

Башар Асад ўлим жазосига ҳукм қилинди | Vaqt.uz