Июль ойида доллар курси деярли ўзгармади, сўм эса бироз мустаҳкамланди
Июл ойида сўм долларга нисбатан бироз мустаҳкамланди ва йил бошидан буёнги барқарор тенденцияни давом эттирди. Иқтисодчи таҳлилига кўра, курсда кескин ўзгариш бўлмаган бўлса-да, ой давомида валюта бозоридаги тебранувчанлик ошган.
© Foto: BloombergМарказий банк маълумотларига кўра, июл ойида сўм долларга нисбатан мустаҳкамланди. 30 июл куни бир доллар 12 060,84 сўмга тенг бўлган бўлса, 31 июль ҳолатига расмий курс 12 006,39 сўмга тушди. Шу тариқа миллий валюта бир ойда 54,45 сўм ёки 0,45 фоизга қимматлади.

Бироқ ой давомида курс бир хил йўналишда ҳаракатланмади. Июль бошида доллар 11 910 сўмдан пастга тушди, кейинчалик эса қайта ўсишга ўтди. 24 июль куни расмий курс 12 101,84 сўмга етиб, ойнинг энг юқори даражасини қайд этди. Кейинги кунларда курс яна пасайиб, ой якунида 12 минг сўм атрофида шаклланди.
Республика валюта биржасида доллар бўйича энг катта савдо ҳажми 22 июль куни кузатилди ва 314,9 млн долларни ташкил этди. Ой охирига келиб савдо фаоллиги пасайиб, 31 июль куни ҳажм 93 млн долларгача тушди.
Йил бошидан буён ҳам миллий валюта барқарорлигини сақлаб қолди. Етти ой давомида сўм долларга нисбатан 14 сўмдан ортиқ ёки 0,11 фоизга мустаҳкамланган.
Июль ойи жаҳон валюта бозори учун ҳам сокин кечди
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, июль ойида нафақат сўм, балки аксарият валюталарда ҳам кескин ўзгаришлар кузатилмаган. Таҳлилга кўра, ой давомида кузатилган 22 та валюта АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланган.
Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари валюталари ичида Россия рубли долларга нисбатан 2 фоизга қадрсизланган. Шу билан бирга, Хитой юани 0,5 фоизга, Қозоғистон тенгеси эса 1,3 фоизга мустаҳкамланган.
Йирик валюталар орасида Британия фунти 1,1 фоизга, евро 0,8 фоизга қимматлаган. Япония иенаси ва Швейцария франки эса 0,4 фоиздан қадрсизланган.

Manba: Mirkonomika
Доллар йил бошидан бери устунлигини сақлаб турибди
Холбоевнинг қайд этишича, йил бошидан буён доллар аксарият валюталарга нисбатан кучлилигини сақлаб қолган. Танлаб олинган валюталарнинг фақат саккизтасигина долларга нисбатан мустаҳкамланган.
Бу даврда энг катта ўсиш Бразилия реалида қайд этилган бўлиб, у долларга нисбатан 6,7 фоизга мустаҳкамланган. Қозоғистон тенгеси ҳам 6,1 фоизга қимматлаган.
Шу билан бирга, долларга нисбатан энг кўп қадрсизланган валюталар асосан Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига тўғри келган. Иқтисодчи бу ҳолатни мазкур мамлакатлар иқтисодиётининг энергия импортига юқори даражада боғлиқлиги билан изоҳлайди.
Холбоевнинг фикрича, сўмнинг йил бошидан буён ҳам деярли барқарор сақланиши сўнгги йилларда кузатилаётган тенденциянинг давоми ҳисобланади. Масалан, 2025 йилнинг июль ойида миллий валюта долларга нисбатан мустаҳкамланган бўлса, 2023 йил июлида аксинча қадрсизланган эди.
Курс барқарор, аммо бозордаги тебранишлар кучайди
Иқтисодчининг таҳлилига кўра, курснинг умумий йўналиши барқарор бўлганига қарамай, июль ойида валюта бозоридаги кунлик ҳаракатлар фаоллашган.

Manba: Mirkonomika
Хусусан, сўм-доллар жуфтлигидаги волатиллик июнь ойига нисбатан 45,8 фоизга ошган. Бироқ ўтган йилнинг июль ойи билан таққослаганда бу кўрсаткич 24 фоизга паст бўлган. Жорий йил бошидан буён энг юқори волатиллик ҳам айнан июль ойида қайд этилган.

Manba: Mirkonomika
Таҳлилга кўра, сўм бошқа қатор валюталарга нисбатан ҳам нисбатан тебранувчан бўлиб қолмоқда. Танлаб олинган валюталар ичида энг юқори кунлик тебранувчанлик Қозоғистон тенгесида (0,66 фоиз) кузатилган бўлса, Россия рублида бу кўрсаткич 0,57 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, июль ойида сўмнинг кунлик тебранувчанлиги евро, фунт, япон иенаси ва Швейцария франки каби йирик валюталарникидан ҳам юқори бўлган. Иқтисодчи бу ҳолат курс умумий ҳисобда барқарор бўлганига қарамай, ой давомида бозорда кунлик ҳаракатлар анча фаол кечганини кўрсатишини таъкидлайди.
Teglar






