Ярим йилда қайси умумий овқатланиш корхоналари энг кўп солиқ тўлади?
Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналари олти ойда давлат бюджетига 1 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўлаган.

2026-йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистондаги умумий овқатланиш соҳаси корхоналари давлат бюджетига жами 1 трлн 8,9 млрд сўм солиқ тўлади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи 23 148 та юридик шахс мавжуд бўлиб, уларнинг товар айланмаси 14 трлн 57,2 млрд сўмни ташкил этган бўлса, солиқ имтиёзлари ҳажми 80,4 млрд сўмга етган. Шундан 215,9 млрд сўми, яъни 21,4 фоизи 20 та корхона ҳиссасига тўғри келади.
Энг йирик 20 та корхона бюджетга 215,9 млрд сўм солиқ тўлаган. Бу умумий солиқ тушумларининг 21,4 фоизига тенг. Ушбу компаниялар товар айланмасининг умумий ҳажми 2 трлн 893,7 млрд сўмни, берилган солиқ имтиёзлари эса 25 млрд сўмни ташкил этган.
Етакчилар рўйхати
Ярим йил якунларига кўра, энг кўп солиқ тўлаган умумий овқатланиш корхонаси 52,2 млрд сўм билан KFC тармоғининг Ўзбекистондаги франшизаси — «International Foodchain» бўлди.
Иккинчи ўринни Evos бренди оператори — «Mak Food Servis» 41,4 млрд сўм билан эгаллади. Учинчи поғонадан эса 24,8 млрд сўм солиқ тўлаган «Ketring» жой олди.
Кейинги ўринларда «Oqtepa-Food Service» (20 млрд сўм), «Bellissimo Pizza International» (11,7 млрд сўм), «Good Food Catering» (8,1 млрд сўм), «Savdo» (7,8 млрд сўм) ва «Feed Up Eco» (5,6 млрд сўм) қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ умумий овқатланиш ва савдо корхоналари учун 6 фоизлик ҚҚС тартиби жорий этилиши ҳақида хабар берилганди.





