Logo

Ўзбекистонда «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди

Унга кўра, автомобиль йўллари умумий фойдаланишдаги, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда хўжалик аҳамиятига эга йўлларга ажратилади. Қолаверса, йўлларни давлат мулки сифатида бошқариш, уларни ривожлантириш ва сақлаш бўйича давлат органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилган.

Ўзбекистонда «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди

Ўзбекистонда автомобиль йўллари соҳасини замонавий талаблар асосида тартибга солишга қаратилган «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатнинг мақсади мамлакатда автомобиль йўлларини ривожлантириш, улардан фойдаланиш ва йўл фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунга кўра, автомобиль йўллари умумий фойдаланишдаги, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда хўжалик аҳамиятига эга йўлларга ажратилади. Қолаверса, йўлларни давлат мулки сифатида бошқариш, уларни ривожлантириш ва сақлаш бўйича давлат органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилган.

Қонунда автомобиль йўллари соҳасида амал қилиниши шарт бўлган асосий принциплар аниқ белгилаб қўйилмоқда. Яъни, йўллар илмий ҳисоб-китоблар асосида лойиҳаланиши, қарорлар очиқ ва шаффоф бўлиши, энг муҳими, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши, табиатга зарар етказилмаслиги ҳамда ҳар бир фуқаро йўллардан тенг ва қулай фойдаланиш имкониятига эга бўлиши белгиланди.

Пулли йўлларни ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштириш, тўловларни автоматлаштирилган тарзда ундириш, фойдаланувчи ва оператор ўртасидаги оммавий шартнома каби муносабатлар ҳам тартибга солинган. Йўл ҳаракати хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, автомобиль йўлларида сунъий тўсиқлар ва нотекисликлар яратиш тақиқланмоқда, оғир вазнли ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши эса фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилиши назарда тутилган.

Қонуннинг қабул қилиниши автомобиль йўлларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, соҳадаги муносабатларни ягона ҳуқуқий асосда тартибга солиш, йўллар сифати ва хавфсизлигини ошириш, шунингдек, транспорт инфратузилмасини барқарор ривожлантириш учун ҳуқуқий замин яратади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент атрофида 1 миллиард долларлик икки қаватли пулли йўл қурилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик,

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди | Vaqt.uz