Электромобил сотиб олиш учун автокредит фоизининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши мумкин
Ажратилган автокредитлар бўйича фоиз харажатларининг дастлабки 2 йили давомида кредит фоиз ставкасининг 16 фоиздан ошадиган, бироқ 8 фоиз банддан юқори бўлмаган қисми учун компенсация тўланиши кўзда тутилган.
© Foto: Autostrada.uzЎзбекистонда аҳолининг электромобил сотиб олиш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисми қоплаб берилишини таъминлаш режалаштирилмоқда. Бу бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, 2026-йил 1-августдан бошлаб қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ошмаган электромобилларни бирламчи бозордан сотиб олиш учун жисмоний шахсларга 300 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда тижорат банклари томонидан ажратилган автокредитлар бўйича фоиз ҳаражатларининг дастлабки 2 йили давомида кредит фоиз ставкасининг 16 фоиздан ошадиган, бироқ 8 фоиз банддан юқори бўлмаган қисми учун компенсация тўланиши кўзда тутилган.
Компенсация тўлаш билан боғлиқ ҳаражатлар 2026-йил учун республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан, кейинги йилларда давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланади. У мурожаат санасида банкнинг ички қоидаларига мувофиқ кредитга лаёқатли деб топилган ҳамда кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган жисмоний шахсларга ажратилади. Жисмоний шахс эса автокредит олиш учун банкнинг ички қоидаларига мувофиқ зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда банкка ариза билан мурожаат қилиши, аризада компенсация олиш истагини алоҳида кўрсатиши лозим.
Лойиҳада агар қарз олувчи кредит тўловларини тўлаш мажбуриятларини кетма-кет 3 ой ичида бажармаса, кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизлар муддатидан олдин тўлиқ ундирилса ёки тўланса, кредит шартномаси бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар аниқланса компенсация ажратиш тўхтатилиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қайси банклар фоизсиз автокредит бераётгани ҳақида ёзган эдик. Onix, Tracker, Damas ва Labo учун бир нечта банк фоизсиз автокредит таклиф қилмоқда.