Logo

Бир ойда муаммоли кредитлар ҳажми 1,7 трлн сўмга ошди

Бугун 17:552 дақиқа

Май ойида банк тизимидаги муаммоли кредитлар яна қарийб 1,7 трлн сўмга ошди. Ўсишнинг асосий қисми давлат банклари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бир ойда муаммоли кредитлар ҳажми 1,7 трлн сўмга ошди © Ijtimoiy tarmoqlar

Май ойида Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли кредитлар ҳажми (NPL) ўтган ойга нисбатан секин ўсди.

Марказий банк маълумотларига кўра, ой давомида NPL ҳажми 1 трлн 692 млрд сўмга кўпайиб, 1-июн ҳолатига 23 трлн 609 млрд сўмга етган.

Ҳозирда тижорат банкларининг жами кредит портфели 635 трлн 978 млрд сўмни ташкил этади. Шундан 3,7 фоизи муаммоли кредитлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Май ойидаги ўсиш апрелда қайд этилган 2 трлн 56 млрд сўмлик рекорд кўрсаткичдан паст бўлса-да, банклар активлари сифати бўйича босим сақланиб қомоқда.

Энг катта ўсиш қаерда?

Давлат банклари кредит портфели 420 трлн 443 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 16 трлн 696 млрд сўми ёки 4 фоизи муаммоли кредитлардан иборат.

Май ойида давлат банкларидаги муаммоли кредитлар 1 трлн 599 млрд сўмга ошди. Энг катта ўсиш «Mikrokreditbank»да кузатилиб, кўрсаткич 822 млрд сўмга кўпайди. Кейинги ўринларда «Xalq banki» (+659 млрд сўм) ва «Asakabank» (+261 млрд сўм) жойлашган.

Айни пайтда айрим давлат банклари ижобий натижа қайд этди. Хусусан, «SQB»да муаммоли кредитлар 130 млрд сўмга, «Milliy bank»да 34 млрд сўмга ва «Aloqabank»да 19 млрд сўмга камайган. Қолган давлат банкларида эса сезиларли ўзгариш кузатилмаган.

Хусусий банклардаги ҳолат

Хусусий банкларнинг кредит портфели 215 трлн 536 млрд сўмни ташкил қилди. Бу сегментдаги муаммоли кредитлар 6 трлн 914 млрд сўм ёки кредит портфелининг 3,2 фоизига тенг.

Май ойида мазкур банкларда муаммоли кредитлар ҳажми 93 млрд сўмга ошди. Бироқ банклар кесимида турлича динамика кузатилди. «Madad Invest bank» муаммоли кредитларини 270 млрд сўмга, «Kapitalbank» эса 190 млрд сўмга қисқартиришга эришган.

Шу билан бирга, «Anor bank»да муаммоли кредитлар 236 млрд сўмга, «TBC Bank»да эса 149 млрд сўмга кўпайди. Қолган хусусий банкларда ушбу кўрсаткич сезиларли ўзгармаган.

photo_2026-06-26_16-11-03


Эслатиб ўтамиз, апрел ойида мамлакатдаги банкларда муаммоли кредитлар ҳажми 2 трлн сўмга ўсган эди. Энг катта ўсиш «Milliy bank», «Kapitalbank», «Agrobank» ва «Madad Invest bank» ҳиссасига тўғри келган.

Теглар

Мавзуга оид