ОТБ Тожикистонга 63,77 млн доллар ажратди
Сумманинг 43,7 млн доллари тиббиётга, 20,5 млн доллари эса ижтимоий суғуртага йўналтирилади.
© Reuetrs2026-йил 21-октябр куни Душанбе шаҳрида Тожикистон ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) умумий қиймати 63,77 миллион долларга тенг бўлган иккита лойиҳани амалга ошириш бўйича грант келишувларини имзолади. Улар соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва ижтимоий суғуртани модернизация қилишга қаратилган.
Келишувларни Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ва ОТБнинг республикадаги доимий вакили Ко Сакамото имзолади. Маросимда молиялаштириш бўйича ҳамкорлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Биринчи лойиҳа минтақавий соғлиқни сақлаш хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантиришни назарда тутади. Уни амалга ошириш учун 43,7 миллион доллари ажратиш кўзда тутилган.
Молиялаштириш Осиё тараққиёт жамғармасининг 28 миллион долларлик гранти, Пандемия жамғармасининг 10,7 миллион долларлик қўшма молиялаштириш гранти, Япониянинг Барқарор ва фаровон Осиё ҳамда Тинч океани жамғармасининг 3 миллион долларлик гранти, шунингдек, Яшил иқлим жамғармасининг 2 миллион долларлик грантини ўз ичига олади.
Лойиҳа аҳоли саломатлигига таҳдид солаётган хавфларни олдини олиш, ва уларни аниқлаш, шунингдек, улар билан боғлиқ хавфларга жавоб қайтариш самарадорлигини ошириш мақсадида Тожикистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган.
Иккинчи лойиҳа ижтимоий суғурта тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштиришни назарда тутади. Бу мақсадлар учун 20,5 миллион доллар, жумладан, Осиё тараққиёт жамғармасининг 19,5 миллион долларлик гранти ва Юқори технологиялар жамғармасининг 1 миллион доллари ажратилди.
Лойиҳа аҳолининг пенсия таъминоти билан қамровини кенгайтириш, пенсиялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тақдим этиш тизимини модернизация қилишга қаратилган. Унинг амалга оширилиши ижтимоий хизматларни аҳоли учун янада тезкор, хавфсиз ва қулай қилиш имконини бериши кутилмоқда.
Шундай қилиб, умумий қиймати 63,77 миллион долларни ташкил этувчи иккита лойиҳа Тожикистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва ижтимоий суғуртани такомиллаштиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон иқтисодиёти тез ўсаётгани ва қашшоқлик сезиларли даражада камайганини ёзган эдик. Аммо мамлакат ҳануз хорижда ишлаётган фуқаролари юборадиган пулларга қаттиқ боғланган.
Фарангиз Бобожонова





