Давлат хизматчилари учун «автомобилсиз кун», қишлоқларда нақд пул муаммосига ечим ва ташқи савдо ҳажми — 30-март дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Яшил чипта тизими Ўзбекистонда жорий этилади
Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида «яшил чипта» тизими жорий этилади ва у президент фармонига кўра 3 ой ичида ишга туширилади. Унга кўра, самолёт, поезд, метро ва такси каби транспорт воситаларида ҳар бир маршрутнинг карбон изи ҳисобланиб, фойдаланувчилар ўз саёҳатининг атроф-муҳитга таъсирини билиш имконига эга бўлади. Шунингдек, фуқаролар ушбу таъсирни ихтиёрий равишда компенсация қилиш учун «яшил чипта» харид қилиши мумкин.
Мазкур механизм транспортдан ташқари ишлаб чиқариш ва логистика соҳаларига ҳам татбиқ этилади, маҳсулотлар учун ҳам карбон изи ҳисобланади ва уни компенсация қилиш имконияти яратилади. Ҳисоб-китоблар Экология қўмитаси тасдиқлаган қўлланма асосида автоматик тарзда амалга оширилади. «Яшил чипта» орқали йиғилган маблағлар махсус экологик жамғармага йўналтирилиб, дарахт экиш, кўчатларни парваришлаш ва экологик муаммоларни бартараф этишга сарфланади.
Ўзбекистонда қатъий автомобилсиз кунлар жорий этилмоқда
Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва транспорт юкламасини камайтириш мақсадида янги чора-тадбирлар жорий этилмоқда. Президент фармонига кўра, 2026-йил 1-майдан бошлаб ҳар ойнинг 10- ва 25-саналари «Автомобилсиз кун» деб белгиланиб, бу кунлари давлат фуқаролик хизматчиларига хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Бу орқали ҳаво ифлосланишини камайтириш ва жамоат транспортидан фойдаланишни рағбатлантириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, ушбу кунлар иш кунига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи тўлиқ сақлаб қолинади.
2026-йил 1-августдан «trade-in» дастури жорий қилиниб, эски автотранспортни топширганларга янги автомобиль олиш учун автокредит фоизининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Йил якунига қадар Тошкент шаҳри «қизил», «сариқ» ва «яшил» зоналарга ажратилади. Шунингдек, 2026-йил 1-апрелдан Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида чанг бўронларининг олдини олиш учун «яшил девор»лар барпо этиш ишлари бошланади.
Пропан нархини сунъий оширган 31 та компания жазоланди
Пропан нархини сунъий оширган 31 та компания Рақобат қўмитаси қарори билан жазоланди. Маълум қилинишича, ушбу корхоналар 2025 йил ноябрь-декабрь ойлари ва 2026 йил январда биржа савдоларида бошланғич нархларни асоссиз оширган ва маҳсулот ҳажмини сунъий чеклаш орқали нархларни кўтарган. Қўмита кўрган чоралар натижасида пропан нархи 21 фоизгача арзонлаштирилди.
Текширувлар якунига кўра, компаниялар «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларини бузгани аниқланиб, уларга жами 28,9 млрд сўм жарима қўлланди, шунингдек 34,1 млрд сўм асоссиз даромадни бюджетга қайтариш белгиланди. Айримлари ўзаро келишилган ҳолда рақобатга зид ҳаракат қилган, бошқалари эса нархларни асоссиз ошириш ва маҳсулотни тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиш ҳолатларига йўл қўйган. Қонунбузарларга камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган, қарордан норози томонлар апелляция ёки судга мурожаат қилиши мумкин.
Қишлоқларда нақд пул муаммоси ҳал этилдими?
Марказий банк маълум қилишича, қишлоқ жойларда нақд пул етишмаслиги муаммосини ҳал этиш учун тўлов ташкилотлари орқали агентлар тизими жорий этилган. Унга кўра, аҳоли агентлар орқали пул ечиб олиш ва ҳисобини тўлдириш имконига эга бўлиб, бу тизим банкоматлар етишмайдиган ҳудудларда асосий ечим сифатида хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб 17 минг 990 та агент фаолият юритиб, кунлик операциялар ҳажми ўртача 800 млрд сўм кирим ва 770–780 млрд сўм чиқимни ташкил этмоқда.
Расмийларга кўра, деярли барча қишлоқларда тўлов ташкилоти агентлари мавжуд бўлиб, нақд пул муаммоси босқичма-босқич ҳал этилмоқда ва тизимни янада кенгайтириш режалаштирилган. Шу билан бирга, мутахассислар айрим ҳудудларда аҳоли маҳсулотларни қарзга олиб, кейин карта орқали тўлаш амалиёти сақланиб қолаётганини ҳам қайд этмоқда.
Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳажми кескин ўсди
2026-йил январ–феврал ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 фоизга ўсиб, 11,6 млрд долларга етди. Бу даврда импорт ҳажми 8 млрд доллар бўлиб, 29,8 фоизга ошган, экспорт эса 3,54 млрд долларни ташкил этиб, 23,4 фоизга ўсган. Экспорт таркибида товарлар 59,1 фоиз улушга эга бўлиб, саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат, кимё ва тайёр маҳсулотлар асосий қисмни ташкил этган.
Импортда машиналар ва транспорт ускуналари 36,1 фоиз билан етакчи бўлган, шунингдек саноат товарлари ва кимёвий маҳсулотлар ҳам юқори улушга эга. Асосий савдо ҳамкорлари сифатида Хитой (27,9 фоиз) ва Россия (18,7 фоиз) қайд этилган, шунингдек Қозоғистон, Туркия ва Афғонистон ҳам муҳим шериклар қаторига киради.





