Таниқли журналист Карим Баҳриев вафот этди

Bugun 11:482 daqiqa

Устоз журналист, ёзувчи, таржимон, собиқ депутат ва сиёсатчи Карим Баҳриев 64 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда VAQT.UZ мухбирига унинг қизи хабар берди.

Таниқли журналист Карим Баҳриев вафот этди

Карим Баҳриев бир неча кун аввал инсулт туфайли шифохонага ётқизилган ва шифокорлар назоратида даволанаётган эди.

Баҳриев 1962 йил 15 июл куни Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. Мактабни олтин медал билан тугатгач, аввал Самарқанд давлат университетида, кейин эса Москва давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.

У ўз фаолияти давомида журналист, ёзувчи, таржимон ва парламент депутати сифатида фаолият юритган. 1990–1995 йилларда парламент депутати бўлиб, мустақил Ўзбекистоннинг илк сиёсий жараёнларида иштирок этган.

Карим Баҳриев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Маърифат”, “Жаҳон адабиёти” каби нашрларда ишлаган. У айниқса 90 йилларда чиққан “Ҳуррият” газетасининг бош муҳаррири сифатида танилган.

У кўплаб илмий-оммабоп ва адабий асарлар муаллифи бўлиб, „Сабр косасининг синиқлари“, „Томчидил“ каби шеърий китоблар, шунингдек журналистика ва ҳуқуқ соҳасига оид қатор асарлар яратган.

Шу билан бирга, Карим Баҳриев жаҳон адабиёти намояндаларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилишда ҳам катта ҳисса қўшган. Жумладан, Чингиз Айтматов, Светлана Алексеэвич, Сенека, Платон, Жорж Оруэл, Малколм Гладуэл ва бошқа кўплаб жаҳонга машҳур муаллифлар асарларини таржима қилган.

Унинг таржимасида немис, малай, африкаликлар, австралияликлар, озарбойжон, турк, олмон, юнон, фаранг, араб, инглиз, испан, америка, эрон, япон, корейс, ҳинд, годлланд, даниялик, исландиялик шоирлар ва ёзувчиларнинг романлари, шеърлари ва балладалари чоп этилган.

У 1992, 2006 ва 2011 йилларда “Мустақиллик” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Вафотига қадар Карим Баҳриев Ўзбекистон Республикаси Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик Кенгаши раиси, „Олтин мерос“ халқаро хайрия жамғармаси „Мерос-нюс“ ахборот хизмати раҳбари ва Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида медиа ҳуқуқи ва этикаси фани муаллими сифатида фаолият юритаётган эди.

VAQT.UZ таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва шогирдларига ҳамдардлик билдириб қолади.

Teglar

Mavzuga oid