Гўшт нархи кескин ошди, олтин рекорд даражада пасайди, эркак собиқ хотинини машинада босиб кетди — ҳафта дайжести

Bugun 19:006 daqiqa

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда гўшт нархи кескин ошди

Бозорда юрган одам дарров пайқайди: гўшт нархи охирги вақтда анча ошган. Расмий маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди.

Ўзбекистонда гўшт нархи сўнгги бир ойда ўртача 8 фоизга ошган. 25-март ҳолатига кўра, Тошкентдаги «Эски жува» (Чорсу) бозорида мол гўшти улгуржи нархи 75 минг сўмдан 108 минг сўмгача етган. Қовурға 75–80 минг, сарпанжа 85–95 минг, сон қисми эса 90–100 минг сўм атрофида сотилмоқда. Музлатилган импорт гўшти эса 85 мингдан 110 минг сўмгача таклиф қилинмоқда.

Қўй гўшти ҳам четда қолмади: унинг нархи 85 мингдан 110 минг сўмгача кўтарилган. Бу ўзгаришлар чакана бозорларга ҳам таъсир қилиб, оддий харидор учун нархларни янада оширмоқда.

Иқтисодчилар бу қимматлашувни асосан ташқи омиллар билан изоҳламоқда. Жумладан, Россиядаги вазият ва Қозоғистон томонидан чорва ва гўшт импортига қўйилган чекловлар таъминотга таъсир қилган.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ–феврал ойларида Ўзбекистон 156,9 миллион долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилган. Шунинг 120 миллион доллари ёки 25,9 минг тоннаси қорамол гўшти ҳиссасига тўғри келган.

Имомали Раҳмон Тошкентга келди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 26-март куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Музокаралардан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон 10 та қўшма лойиҳани бошлаб берди

Лойиҳалар доирасида Тожикистонда мебел ва чарм маҳсулотлари корхоналарини ташкил этиш, маиший техника ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тўқимачилик қувватларини барпо қилиш, Тошкентда тураржой мажмуаси ва савдо объектларини қуриш ҳамда Фарғона вилоятида консерва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Мирзиёев ва Раҳмон иштирокида Тошкентда Тожикистон элчихонасининг янги биноси тантанали равишда очилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2028-йилгача бўлган янги ҳамкорлик пакетлари имзоланди.

Трампдан Мирзиёевга хат келди

Жорий ҳафтада АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Ўзбекистон етакчисига мактуб йўллади. Трамп Мирзиёевни Тинчлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига, шунингдек, Майамида ўтадиган G20 саммитига таклиф этди.

Мирзиёев Путин билан гаплашди

Якунланаётган ҳафтада Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Уларнинг суҳбати 24-март куни бўлиб ўтди. Айнан шу куни Жиззах вилоятининг Фориш туманида Россия лойиҳаси асосида қурилаётган атом электр станцияси майдонида бетон қуйиш ишларини бошлаш маросими ўтказилди. Шунингдек,  «Ўзатом» ва «Росатом» ўртасида атом ва унга ёндош соҳалардаги ҳамкорлик бўйича Йўл харитаси ҳамда  Ўзбекистона интеграциялашган атом электр станциясини қуриш бўйича шартномага доир келишув имзоланди. Ҳужжатни «Ўзатом» агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзолади.

Президентлар мулоқотида ушбу масалалар ҳам ўрин олди.

Мирзиёев Путин билан Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазиятни муҳокама қилди.

Томонлар «ИННОПРОМ Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасининг навбатдагисини жорий йил апрел ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга фаол тайёргарлик кўраётгани таъкидланди.

Ўзбекистонда санъаткорлар учун солиқ 

Яқин вақтларда санъаткорлар фаолиятида янги қоидалар пайдо бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда 1 сентябрдан ижодкорларга ҳар бир чиқиши учун алоҳида солиқ жорий этилиши режалаштирилмоқда. Адлия вазирлиги тақдим этган қарор лойиҳасига кўра, барча концерт ва чиқишлар махсус солиқ иловасида рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлади.

Янги тизим «битта хизмат — битта тўлов» тамойили асосида ишлайди. Бунда солиқ миқдори ижрочининг аниқ даромадига эмас, балки унинг тоифаси ва ҳудудига қараб белгиланади. Ҳатто бепул чиқишлар учун ҳам солиқ тўланади (давлат тадбирларидан ташқари). 2029-йилдан бошлаб эса солиқ шартнома қийматига қараб ҳисобланади.

Шу билан бирга, ижрочиларга айрим енгилликлар ҳам берилмоқда: ижрочилар йиллик даромадларининг 30 фоизини тасдиқловчи ҳужжатларсиз харажат сифатида чегириб ташлашлари мумкин. Агар ҳақиқий харажатлар бу миқдордан ошса, даромаднинг яна 10 фоизи қўшимча равишда чегирилади.

Янги қоидаларга амал қилмаганлар учун жарималар ҳам аниқ. Агар чиқишлар расмийлаштирилмаса ва солиқ тўланмаса, бу яширин даромад деб баҳоланади. БҲМнинг 20 бараваридан (6,8 млн сўмдан) кам бўлмаган миқдорда жарима қўлланилади.

Айиб ўтибганимиздек, бу ҳали қонун лойиҳаси ва у ҳозирда жамоатчилик муҳокамасида. Муҳокамалар 10-апрелгача давом этади.

Олтин рекорд даражада пасайди.

Ўзбекистонда олтин нархи кескин пасайиб, сўнгги йиллардаги энг йирик кунлик тушиш қайд этилди.

24-март куни Ўзбекистонда олтин нархи 8,6 фоизга тушди.

100 грамм кўринишидаги қуйма нархи 195,6 млн сўмдан 180,1 млн сўмгача арзонлади. 3-мартдаги рекорд нархга нисбатан умумий пасайиш 17 фоиздан ошди. Ўшанда 100 грамм қуйма нархи 217 млн сўмдан ошиқ эди.

Жаҳонда ҳам олтин нархи 1983-йилдан бери энг катта пасайишни қайд этди.

Олтин арзонлашишига асосий сабаб – глобал омиллар. Яқин Шарқдаги кескинлик энергия нархларини ошириб, инфляция хавфини кучайтирди. Натижада марказий банклар, айниқса АҚШда, фоиз ставкаларини юқори даражада ушлаб турмоқда. Бу эса долларни инвесторлар учун жозибадор қилиб, олтинга бўлган талабни камайтирди. Инвесторлар олтиндан кўра доллар ва облигацияларга ўтмоқда.

Олтин одатда «хавфсиз бошпана» ҳисобланади, лекин ҳозир инвесторлар кўпроқ реал даромадга эътибор қаратмоқда.

Бу ҳолат Ўзбекистон учун ҳам муҳим: мамлакат захираларининг катта қисми олтиндан иборат. Нарх пасайса, захиралар қиймати ва бюджет тушумлари ҳам камаяди. Шунга қарамай, узоқ муддатда таҳлилчилар олтин яна ўсиб, 6000 доллардан ошишини прогноз қилмоқда.

Халқаро бозорда ўзбек сўмига ҳам эътибор кучаймоқда. Масалан, «Deutsche Bank» тайёрлаган таҳлилий материалда Эрондаги уруш туфайли бозорлардаги беқарорлик шароитида Ўзбекистон ва Қозоғистонни «кутилмаган хавфсиз паноҳгоҳлар»дан бири деб атади. Банк таҳлилчилари ўзбек сўми ва қозоқ тенгесини «ҳозирги ноаниқ бозор шароитида капитални сақлаш учун жозибадор валюталар» деб баҳолаган, бироқ Қозоғистон валютаси курси ҳозирча юқорироқ баҳоланганини ҳам қайд этган.

«Тенге ҳам, сўм ҳам хорижий инвесторларга нисбатан кам боғлиқлик ва Қозоғистон ҳамда Ўзбекистоннинг катта валюта захиралари туфайли бозордаги кескин ўзгаришлар ва кайфиятлар таъсирига камроқ дуч келади. Уларнинг курси мувозанатли жорий ҳисоб ва юқори фоиз ставкалари (6 фоиздан юқори) билан қўллаб-қувватланмоқда»,  – дея таъкидлайди «Deutsche Bank».

Эркак собиқ хотини ва унинг танишларини машинада босиб кетди

Бу ҳафта Тошкентдаги Юнусобод туманида содир бўлган воқеа жамоатчилик эътиборини тортди. 27 ёшли эркак «Tracker» билан собиқ турмуш ўртоғи ва унинг танишларни уриб кетди. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

«Фуқаролар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққанлиги, жанжал якунланиш арафасида турганда, тўрт нафар фуқаро ҳаракатланаётган вақтида «Tracker» русумли автомобилда ҳайдовчи келиб, тўрт нафар фуқарони уриб юборган ҳолати аниқланган», – дейди Юнусобод тумани ИИО ФМБ терговчиси Акобир Ёқубов.

Воқеа жойидан керакли далилий ашёлар расмийлаштириб олинган. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 25,97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) ҳамда 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят қўзатилган. Тергов ҳаракатлари тўлиқ ва холис олиб борилиб, қонуний қарор қабул қилиши таъминланиши айтилган.

Микроқарзлар фоизи рекорд даражада пасайди

Бу ҳафтада микрокредит бўйича фоиз ставкаларида рекорд пастлик кузатилди.

Марказий банк 2026-йил март ойининг охирги ҳафтаси бўйича тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилаётган микрокредит ва автокредитлар фоиз ставкалари бўйича янгиланган маълумотларни эълон қилди. Янги ҳафтада микрокредитлар бўйича ўртача ставка 28,8 фоизни ташкил этган бўлса, автокредитлар бўйича ўртача ставка 22,7 фоиз даражасида қайд этилди.

Микрокредитлар бўйича бу ҳафтадаги кўрсаткич Марказий банк микрокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилишни бошланганидан бери кузатилган энг паст даража бўлди. Охирги марта энг паст даража 2026-йил 23-феврал ҳолатига кўра, 29,3 фоиз даражасида қайд этилганди.

Кичик Қодиров 18 ёшида маёр бўлди

Бу ҳафта Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам омма олдида  кўриниш бериб билан эътибор марказига тушди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 18 ёшли ўғли, ўтган йилдан бери Чеченистон хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Адам Қодиров йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақидаги хабарлардан сўнг биринчи марта омма олдида кўриниш берди. Рамзан Қодиров ўғли Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида нутқ сўзлаётгани акс этган видеони эълон қилди.

Видеода кичик Қодиров  Рамазон ойида ўтказилган тадбир ҳақидаги ҳисоботни ўқиган.

Эътибор бериб қаралса, Адамнинг елкасида маёр ҳарбий унвонига мос келиши мумкин бўлган ўрта катталикдаги юлдузни кўриш мумкин. Бундай унвон одатда кўп йиллик (8–10 йил) ҳарбий хизмат ва махсус таълимни олган ҳарбийларга берилади. Бироқ Адам Қодировнинг керакли ҳарбий таълим олгани ёки расман хизмат қилгани ҳақида очиқ маълумот мавжуд эмас.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 34

Barchasi

Mavzuga oid