АҚШ ядровий арсенали ҳақидаги маълумотларни очиқлади: 2026 йил ҳолати

Kecha 23:202 daqiqa

АҚШ Мудофаа вазирлиги ўз ихтиёридаги ядровий жанговар каллаклар сони ва модернизация режалари ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. 2026 йил ҳолатига кўра АҚШ арсеналининг таркиби ва дунёдаги ядровий вазият таҳлили.

АҚШ ядровий арсенали ҳақидаги маълумотларни очиқлади: 2026 йил ҳолати

АҚШ Мудофаа вазирлиги ихтиёрида баллистик ракеталар ва стратегик бомбардимончи самолётлар орқали етказиб беришга мўлжалланган тахминан 3,7 мингта ядровий жанговар заряд захираси мавжуд. Бу ҳақда Америка олимлари федерацияси (FAS) тадқиқотида келтирилган. Унда 2026-йилнинг феврал ойига оид маълумотлар келтирилган.

Қайд этилишича, ўқ-дорилар сони ўтган йилга нисбатан ўзгаришсиз қолган. Умумий 3,7 мингта жанговар каллакдан фақат 1,77 мингтаси ташувчи воситаларга жойлаштирилган, 1,93 мингтаси эса захирада турибди. Яна 1,34 мингта қуролли кучлар сафидан чиқарилган жанговар каллаклар йўқ қилинишини (утилизация) кутмоқда. Уларни ҳисобга олган ҳолда, АҚШ ядровий арсеналининг умумий ҳажми 5 минг донага етади.

Жойлаштирилган жанговар каллакларнинг 400 таси Монтана, Шимолий Дакота ва Вайоминг штатларидаги базаларда Minuteman III қитъалараро баллистик ракеталарига (ҚБР) ўрнатилган, 970 таси эса баллистик ракеталарга эга сувости кемаларида жойлашган. Бундан ташқари, 300 таси АҚШдаги стратегик авиация базаларида сақланмоқда ва тахминан 100 та тактик ядровий бомбалар Туркия, Италия, Белгия, Германия ҳамда Нидерландиядаги Европа базаларига жойлаштирилган.

ss

FAS қайд этишича, АҚШ ядровий учликнинг (триада) барча учта компонентига дахл қилувчи кенг кўламли модернизация дастурини бошлаган. Келгуси ўн йилликларда етказиб бериш тизимининг ҳар бир элементи янги версияларга алмаштирилади.

2026-молиявий йил учун бюджет сўрови стратегик ядровий кучлар ва ядровий инфратузилма учун тахминан 60 миллиард доллар ажратишни кўзда тутади. Конгресс қўшимча 2 миллиард долларлик молиялаштиришни маъқуллади.

Модернизация дастурига қуйидагилар киради:

• Minuteman III ўрнига янги LGM-35A Sentinel (собиқ GBSD) қитъалараро баллистик ракетасини ишлаб чиқиш. Дастлаб ракета 2029 йилнинг майигача бошланғич тезкор тайёргарлик ҳолатига келиши келаши режалаштирилган эди, бироқ дастур кечикишлар ва харажатларнинг сезиларли даражада ошишига дуч келди. Эндиги мақсадли муддат — 2033 йил.

• Эскирган кемаларни алмаштириш учун Columbia классидаги 12 та атом сувости кемасини қуриш.

• B-2 Spirit ўрнини босиши керак бўлган янги B-21 Raider стратегик бомбардимончи самолётини ишлаб чиқиш.

• Бомбардимончи самолётларни жиҳозлаш учун янги узоқ масофали қанотли ракета (LRSO) яратиш.

FAS баҳосига кўра, 2026-йил бошига келиб тўққизта ядровий давлат (Россия, АҚШ, Хитой, Франция, Буюк Британия, Покистон, Ҳиндистон, Исроил, Шимолий Корея) биргаликда тахминан 12,3 мингта ядровий жанговар каллакка эга, улардан 9,7 мингтаси тезкор арсеналларда мавжуд.

Шу билан бирга, 4 мингта жанговар каллак бевосита ташувчи воситаларга — баллистик ракеталар, сувости кемалари ва авиабазаларга жойлаштирилган бўлиб, бу бир йил олдингига нисбатан 108 тага кўпдир. FAS ядровий лойиҳаси раҳбари Ханс Кристенсен Европа, Осиё ва Яқин Шарқда можаролар кучайиб бораётган бир пайтда бу тенденцияни хавотирли сигнал деб атади.

Россия ва АҚШ биргаликда дунёдаги ядровий қурол захирасининг тахминан 90 фоизини назорат қилади.

Teglar

Mavzuga oid