Шахсий маълумотларни хорижда сақлашга рухсат берилди
Янги қонунга кўра, айрим шахсий маълумотлар хорижда сақланади, аммо биометрик маълумотлар Ўзбекистонда қолади.

Шахсга доир маълумотларнинг айрим турларини муайян хавфсизлик шартлари бажарилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида сақлаш ва уларга ишлов бериш мумкин. Бу ҳақда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунда белгиланган.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, қуйидаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт:
• шахсларнинг биометрик маълумотлари;
• шахсларнинг генетик маълумотлари;
• Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бораётган телекоммуникациялар операторларидаги уларнинг хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг маълумотлари.
Юқорида кўрсатилмаган шахсга доир маълумотлар қуйидаги шартлардан бири бажарилганда, Ўзбекистондан ташқарида сақланиши ва ишлов берилиши мумкин:
• чет давлатни шахсга доир маълумотларнинг бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи давлат сифатида тан олиш;
• оператор томонидан ваколатли давлат органи тасдиқлайдиган талабларга жавоб берувчи стандарт шартномавий шартлар ёки мажбурий корпоратив қоидалар қабул қилиниши ва уларга риоя этилиши;
• рўйхати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шахсга доир маълумотларни бошқариш ва сақлаш соҳасидаги халқаро стандартларга оператор томонидан риоя этилиши.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.





