Logo

«Дунё бунга кўз юма олмайди»: Афғонистонда 3,7 миллион бола оғир даражадаги тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда

Бугун 10:004 дақиқа

«Save the Children» ташкилотига кўра, Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш кескин камайгани сабабли Афғонистонда ҳар ўн боланинг бири тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.

«Дунё бунга кўз юма олмайди»: Афғонистонда 3,7 миллион бола оғир даражадаги тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда

«Save the Children» ташкилоти ўтказган янги тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда Афғонистонда ҳар ўн гўдак ва ёш боланинг бири оғир даражадаги тўйиб овқатланмаслик ҳолатини бошидан кечирмоқда. Бу ҳолат қисқа вақт ичида вазннинг кескин камайиши ёки овқатланишнинг ёмонлашуви оқибатида саломатликка путур етишини англатади. 13 август куни мазкур хайрия ташкилоти вакиллари соғлиқни сақлаш соҳасида маблағ етишмаслиги сабабли асосий тиббий хизматлар тўхтатилаётганини маълум қилди. Бу эса, ўз навбатида, Афғонистонда тўйиб овқатланмаслик хавфи остида қолган болалар сонининг янада ортишига олиб келмоқда.

«Al Jazeera» нашри Афғонистон нега болалар ўртасидаги тўйиб овқатланмаслик инқирозига юз тутаётганини таҳлил қилди.

Тадқиқот нимани кўрсатмоқда?

Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган «Save the Children» ташкилоти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига таяниб, Афғонистонда ёш болалар ўртасида тўйиб овқатланмаслик ҳолатлари муттасил ортиб бораётганини таъкидлади.

Маълумотларга кўра, беш ёшгача бўлган қарийб ҳар ўн афғон боласининг бири ҳозирда тўйиб овқатланмаслик шароитида яшамоқда. Бундан азият чекаётган болалар улуши эса ўсиб бормоқда.

Ташкилотнинг қўшимча қилишича, 2026 йилнинг иккинчи чорагида мамлакат вилоятларининг учдан икки қисмида оғир даражадаги тўйиб овқатланмаслик даражаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада ёмонлашган. «Save the Children» ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги тўрт йил ичида беш ёшгача бўлган болалар ўртасида оғир даражадаги тўйиб овқатланмаслик 14 фоизга ошиб, 2026 йил ҳолатига кўра, 3,7 миллион нафар гўдакни қамраб олган. 

Оғир даражада тўйиб овқатланмаслик нима дегани?

Бу «ўта озиб кетиш» деб ҳам аталадиган ҳамда боланинг вазни ўз бўйига нисбатан кескин камайиб кетадиган ва ҳаёт учун хатарли бўлган ҳолатдир. У овқатланиш миқдорининг камайиши ёки оғир касаллик оқибатида юз беради ҳамда тананинг қисқа вақт ичида ёғ ва мушак массасини тез йўқотишига олиб келади.

Нега афғон болалари ўртасида тўйиб овқатланмаслик ортиб бормоқда?

«Save the Children» ташкилотининг таъкидлашича, тўйиб овқатланмаслик кўрсаткичининг ўсиши асосан мамлакатда гуманитар ёрдам оқимининг қисқариши билан боғлиқ. Бу ҳолат 600 га яқин муҳим соғлиқни сақлаш муассасасининг ёпилишига олиб келган. Илгари қарийб 4 миллион киши (уларнинг тенг ярми болалар эди) айнан мана шу тиббий хизматларга муҳтож бўлган.

Сўнгги тўрт йил ичида Афғонистонга кўрсатиладиган гуманитар ёрдам қарийб 70 фоизга — 2022 йилдаги 3,27 миллиард доллардан 2025 йилда 1 миллиард долларгача камайган. Бундай кескин пасайиш 2021 йилнинг август ойида АҚШ ва унинг иттифоқчилари мамлакатни тарк этиб, Афғонистонда ҳокимият Толибон қўлига ўтганидан сўнг юз берган. Ўшандан буён хорижий ёрдам чекланган ҳолатда қолмоқда.

«Save the Children» маълумотларига кўра, 2026 йилнинг ярмидан кўпи ўтган бўлса-да, гуманитар ёрдам сифатида бор-йўғи 438 миллион доллар ажратилган. Бу эса молиялаштиришда 74 фоизлик камомад мавжудлигини англатади.

Ташкилот мамлакатда 14 та клиника фаолиятини сақлаб қолишга муваффақ бўлганини ҳамда Афғонистон шимолидаги тоғли ҳудудларда 10 минг кишига тиббий хизмат кўрсатаётган ягона ташкилот эканини маълум қилди.

Яна бир мураккаб жиҳат шундаки, 2023 йил сентябр ойидан бери Афғонистон аҳолиси 12 фоизга кўпайди. Бу асосан Покистон ва Эроннинг афғон қочқинларига нисбатан қоидаларни кучайтириб, депортация жараёнини тезлаштиргани оқибатида олти миллиондан ортиқ афғонистонликнинг ўз ватанига қайтарилгани билан изоҳланади.

«Дунё бунга кўз юма олмайди. Очарчилик, юртга қайтганларнинг кескин кўпайиб кетгани, шунингдек, табиий офатлар, сўнгги можаролар ва тўрт йиллик қурғоқчилик оқибатидаги оммавий ички кўчишлар шундоқ ҳам чекланган гуманитар ресурсларни батамом сарфлашга мажбур қилмоқда. Халқаро ҳамжамият ҳозир танлов олдида турибди: оилалар ҳалокат ёқасига келиб қолганидан кейингина ёрдам қўлини чўзиш ёки болаларнинг ҳаёти, ҳуқуқлари ва келажагини ҳимоя қилиш учун зудлик билан ҳаракатни бошлаш», — деди «Save the Children» ташкилотининг Афғонистондаги директори Ашиш Дамле.

Нега Афғонистонга гуманитар ёрдам камайиб кетди?

Сўнгги беш йил ичида Афғонистонга кўрсатилаётган гуманитар ёрдам ҳажми кескин қисқарди. Бунинг асосий сабаби — 2021 йилда Толибон ҳокимиятга қайтганидан сўнг халқаро донорларнинг мамлакатни тарк этгани билан изоҳланади.

АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши ва президент Ашраф Ғани ҳукумати қулаши ортидан Толибоннинг ҳокимиятни эгаллаши кўплаб донорларни молиялаштиришни чеклашга ёки бошқа томонга йўналтиришга, санкцияларни кучайтиришга ва ёрдам операцияларига нисбатан қатъийроқ шартлар қўйишга мажбур қилди.

2021 йилгача АҚШ йирик тараққиёт ва қайта тиклаш лойиҳаларини молиялаштирувчи ҳамда гуманитар ёрдам ажратувчи Афғонистоннинг энг йирик донори эди. Бироқ Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан буён АҚШнинг Афғонистонга кўрсатаётган ёрдамининг аксарият қисми БМТ ёки нодавлат ташкилотлар каби билвосита каналлар орқали йўналтирилмоқда ва ҳозирги кунда у 2021 йилгача бўлган ҳажмнинг фақатгина кичик бир қисмини ташкил этади.

Бундан ташқари, президент Доналд Трампнинг Оқ уйдаги иккинчи муддати бошланганидан буён маъмурият хорижий ёрдамни кескин қисқартирди.

АҚШ, шунингдек, 2021 йилда мамлакатни тарк этганидан буён Толибоннинг етакчи аъзоларига нисбатан санкцияларни кенгайтирди ва АҚШда сақланаётган Афғонистон давлат активларини музлатиб қўйди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан кейин Европа Иттифоқи ва Жаҳон банки ҳам кенг кўламли қайта тиклаш лойиҳаларини молиялаштиришни тўхтатган ва унинг ўрнига гуманитар ёрдамни нодавлат ташкилотлар орқали етказиб берувчи анча кичик миқёсдаги, фавқулодда вазиятларга мўлжалланган дастурларни босқичма-босқич қайта тиклаган.

 

Теглар

Мавзуга оид