Ўзбекистондан хорижга кетган ишчилар сони эълон қилинди
Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари оқими Россиядан Европа ва Осиёга қараб йўналишини ўзгартирмоқда.

Айни вақтда тахминан 1,4 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси дунёнинг 40 га яқин давлатида меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2026 йил биринчи ярим йиллигида жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича таҳлилий шарҳида маълум қилинди.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг 834,2 минг нафари Россия, 84,4 минг нафари Қозоғистон, 72,1 минг нафари Туркия ва 46,4 минг нафари Жанубий Корея ҳиссасига тўғри келади. Европа минтақасида 258 минг нафар, бошқа давлатларда эса 97,7 минг нафар фуқаро меҳнат қилмоқда.
Уларнинг 398,9 минг нафари, яъни 28,6 фоизи аёллардан иборат. 402,1 минг нафар ёки 28,9 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу ташқи меҳнат миграциясида аёллар ва ёшлар улуши ҳам сезиларли даражада эканини кўрсатади.
Миграция харитаси ўзгармоқда
Марказий банк таҳлилида меҳнат миграциясининг йўналишлари сўнгги даврда ўзгараётгани қайд этилган. Хусусан, МДҲ давлатларининг улуши 29 фоизгача камайган.
Шу билан бирга, Европа минтақасида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари улуши 42 фоизга, Шарқий Осиё минтақасида эса 26 фоизга ошган.
Марказий банк таҳлилига кўра, миграция қарорларига таъсир қилувчи асосий иқтисодий омиллардан бири — Ўзбекистон ва меҳнат мигрантларини қабул қилувчи давлатлардаги иш ҳақи ўртасидаги фарқ ҳисобланади.
Европада ишчи кучига талаб ортади
Марказий банк Европани Ўзбекистон учун истиқболли меҳнат бозорларидан бири сифатида баҳолаган. 2030 йилгача минтақада аҳолининг қариши ва меҳнатга лаёқатли аҳоли улушининг қисқариши асосий таркибий муаммолардан бирига айланиши кутилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, Европа минтақасида ишчи кучи тақчиллиги 7,5–10,5 миллион кишига етиши мумкин. Бу эса Ўзбекистонликлар учун бир қатор соҳаларда янги имкониятлар яратиши эҳтимоли бор.
Хусусан, муҳандислик, юқори технологияли ишлаб чиқариш, инфратузилма қурилиши, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, ахборот технологиялари, туризм ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида ишчи кучига талаб ошиши кутилмоқда.





