Ходимлар ўз ишини AI’га ўргатмоқда — бу эса уларни ишсиз қолдиради
Ўзбекистондаги DeepSales стартапи ҳозирда сотувчиларнинг қўнғироқларини таҳлил қилади. Келажакда эса уларнинг кундалик вазифаларини босқичма-босқич AI’га топшириб, «ўзи гаплашадиган, ўзи сотадиган» тизим яратмоқчи. Ҳиндистонда минглаб ишчилар аллақачон бошига камера тақиб, роботларга ўз ишини ўргатмоқда.

Бир неча йил ичида ўзбекистонлик сотувчи ўз иш жойини ўзи тайёрлаган AI ўринбосарига топшириши мумкин.
Сунъий интеллект сотувчи мижознинг эътирозига қандай жавоб бергани, қайси ибора савдони якунлашга ёрдам бергани ва суҳбатнинг қаерида харидор йўқотилгани ҳақида маълумотларни йиғади ва шу орқали тавсиялар беради. Охир-оқибат ўша суҳбатни сотувчининг ўрнига ўзи олиб бориши мумкин.
Бу узоқ келажак ҳақидаги тахмин эмас. DeepSales стартапи асосчиларидан бири Рустам Нормаматов 10 август куни эфирга узатилган «Тақдимот» кўрсатувида компания айнан шу йўналишда ривожланишни режалаштираётганини айтди.
Ҳозир платформа CRM тизимларига тушган қўнғироқ ёзувларини автоматик таҳлил қилади. Сотувчига суҳбат давомида нимани тўғри ёки нотўғри қилгани кўрсатилади. Нормаматовнинг айтишича, ҳозирча дастурнинг ўзи етарли эмас: тавсияни қабул қилиш ва кейинги қўнғироқда ундан фойдаланиш барибир инсоннинг ўзига боғлиқ.

«Тақдимот» лойиҳасида чиқиш қилган DeepSales асосчиси Рустам Нормаматов.
Бироқ компаниянинг узоқ муддатли мақсади ёрдамчи дастур билан чекланмайди.
«Ҳозир биз бозорга фақат қўнғироқларни таҳлил қиладиган восита сифатида кириб келганмиз. Келажакда сотувчиларнинг кундалик ишларини AI ўзига олиб, бориб-бориб ўзи гаплашадиган, ўзи сотадиган тизимга боришни режа қилганмиз», — деди у.
DeepSales бу йўналишда ёлғиз эмас. Ўзбекистонда айрим компаниялар колл-марказ операторлари ва сотувчилар бажарган вазифаларни AI’га топширишнинг кейинги босқичига аллақачон ўтган.
Энг яққол мисоллардан бири — TBC Uzbekistan. Банк учун ишлаб чиқилган ўзбекча овозли AI колл-марказдаги анонимлаштирилган реал суҳбатлар асосида тайёрланган. Ёзувларни белгилаш, тил қоидаларини ишлаб чиқиш ва модель жавобларини баҳолашда колл-марказ ходимларининг ўзи ҳам қатнашган.
Натижада улар ўргатган тизим илгари операторлар бажарган ишнинг катта қисмини ўз зиммасига олди. TBC Group ҳисоботига кўра, 2025 йил охирига келиб овозли AI агентлари қарздорликнинг дастлабки босқичидаги тўловни эслатиш қўнғироқларининг 90 фоизини амалга оширган.
Ишчи меҳнат билан бирга ўз тажрибасини ҳам сотмоқда
Ўзбекистонда AI сотувчининг овози ва ибораларини ўрганаётган бўлса, Ҳиндистонда у ишчиларнинг қўл ҳаракатларигача кузатмоқда.
Bloomberg ёзишича, 43 ёшли Сунита Ратҳор Нью-Деҳли чеккасидаги чиқинди саралаш ҳудудида пластик пакетлардан ёрлиқларни олиб ташлайди ва уларни қайта ишлаш учун ажратади. Бу иш учун ойига 20 минг рупий ёки 211 доллар атрофида маош олади.

Сунита Ратҳор Нью-Деҳлида пластик чиқиндиларни саралаш жараёнини ёзиб олмоқда.
Энди унинг бошига iPhone ўрнатилган. Камера пичоқни қандай ушлаши, ёрлиқни қандай ажратиши ва чиқиндиларни қайси тартибда саралашигача ёзиб олади. Ратҳор бунинг учун соатига яна 150 рупий олади. Қўшимча даромад унга тўрт нафар фарзандининг таълими учун илк бор пул жамғариш имконини берган.
Лекин аёл видеолар айнан нима учун олинаётгани ва кейинчалик кимга сотилишини билмайди. Аслида эса унинг йиллар давомида шаклланган ҳаракатлари роботларни ўқитиш учун керак бўлган қимматли маълумотга айланмоқда.
Тил моделлари интернетдаги миллиардлаб матнларни ўқиб ўрганиши мумкин. Робот учун эса интернетнинг ўзи етарли эмас. У пакетни қандай ушлаш, матони буклаш, пойабзал тикиш ёки пайвандлаш пайтида босимни қандай ўзгартиришни инсон кўзи билан олинган видеолар орқали ўрганади. Бундай ёзувлар «эгоцентрик маълумотлар» деб аталади.
Ҳиндистон бу бозор учун деярли идеал полигонга айланган. Мамлакатда бойроқ давлатларда аллақачон автоматлаштирилган кўплаб жисмоний вазифалар ҳануз миллионлаб одамлар томонидан бажарилади. Ишчи кучи арзон, бажариладиган ишлар эса хилма-хил.
Bloomberg келтирган маълумотларга кўра, инсон нигоҳи билан олинган хом видеонинг бир соати AI компанияларига 7 доллардан қимматроққа сотилиши мумкин. Ҳаракатлар алоҳида белгилаб ва изоҳлаб чиқилган ёзувлар нархи эса соатига 15–30 долларга етади. Ратҳорга тўланаётган 150 рупий қарийб 1,6 долларга тенг.

Албатта, нархлар орасидаги фарқнинг бир қисми камералар, маълумотни тозалаш, белгилаш ва сақлаш харажатлари билан боғлиқ. Бироқ бу занжирда энг кам улушни маълумотнинг асосий манбаси — ишчининг ўзи олаётгани ҳам кўриниб турибди.
У бир вақтнинг ўзида икки хил маҳсулот яратмоқда: бугунги ишни бажармоқда ва эртага шу ишни автоматлаштиришга ёрдам берадиган рақамли қўлланма тайёрламоқда. Биринчиси учун маош олади. Иккинчисининг келажакдаги қийматидан эса улушга эга эмас.
Колл-марказлар учун келажак аллақачон бошланган
Жисмоний меҳнатни тўлиқ роботлаштириш ҳали вақт ва катта инвестиция талаб қилади. Колл-марказлар ва сотув бўлимларида эса ўтиш тезроқ кечиши мумкин. Чунки бу ерда суҳбатлар аллақачон ёзиб олинади, натижани ўлчаш осон ва роботнинг жисмоний ҳаракат қилишига ҳожат йўқ.
Ҳиндистоннинг LimeChat стартапи мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича 10 мингта ойлик мурожаатни қайта ишлаш учун керак бўладиган ходимлар сонини AI ёрдамида 80 фоизга қисқартириш мумкинлигини айтган. Компания ўз ботлари Ҳиндистонда 5 мингта ишни автоматлаштирганини даъво қилмоқда.
Reuters ўрганган бошқа ҳолатда реклама агентлиги 15 нафар сотувчини мижоз излайдиган ва уларга хат юборадиган ботлар билан алмаштирган. Олти кишилик колл-марказ ўрнига эса инглиз тилида гаплашадиган Неҳа исмли овозли AI агенти жорий қилинган. Компания ходимларининг умумий сони бир йил ичида 40 фоизга камайган.
Бу DeepSales асосчиси баён қилган йўналишнинг бошқа бозорларда аллақачон синовдан ўтаётган кўринишидир: AI аввал қўнғироқлар сифатини текширади, кейин сотувчига нима дейишни тавсия қилади, охирида эса суҳбатни унинг ўрнига ўзи олиб боради.
Жараённинг энг нозик томони шундаки, ҳар бир босқичда тизим инсон яратган маълумотдан фойдаланади. Энг яхши сотувчилар қайси иборалар ишлашини кўрсатади. Муваффақиятсиз қўнғироқлар эса AI’га нималарни айтмаслик кераклигини ўргатади.
Касб сақланиб қолиши, ходимлар сони эса камайиши мумкин
Бу барча сотувчилар ва колл-марказ операторлари тез орада ишсиз қолади, дегани эмас.
AI ботлари ҳали ҳам ноодатий саволлар, норози мижозлар ва стандарт сценарийдан ташқаридаги вазиятларда қийналмоқда.
Шу сабабли ишнинг тўлиқ йўқолишидан кўра, жамоаларнинг кичрайиши эҳтимоли юқорироқ. AI оддий суҳбатларнинг катта қисмини олади, камроқ сонли ходимлар эса мураккаб мижозлар ва бот хатоларини назорат қилади. Касб номи сақланади, лекин шу касбда ишлайдиган одамлар сони камаяди.

Ўзбекистон банкларидан бирининг колл-марказида ишлаётган ходим.
Халқаро меҳнат ташкилоти дунёдаги ҳар тўртинчи иш ўрни генератив AI таъсирига маълум даражада дуч келишини ҳисоблаган. Ташкилот ҳозирча ишларнинг бутунлай йўқолишидан кўра, уларнинг ўзгариши эҳтимоли юқори эканини таъкидлайди.
Аммо «ишлар ўзгаради» деган жумла ходимлар учун автоматик равишда яхши хабар эмас. Жаҳон иқтисодий форуми сўровида қатнашган иш берувчиларнинг 41 фоизи AI айрим вазифаларни автоматлаштириши сабаб ходимлар сонини камайтиришни режалаштирган. Шу билан бирга, 77 фоизи мавжуд ходимларни қайта ўқитмоқчи.
Муаммо шундаки, йўқолган ва яратилган ишлар доим ҳам бир хил одамлар учун, бир хил жойда ва бир хил вақтда пайдо бўлмайди. Тошкентдаги колл-марказ оператори ишидан айрилгач, автоматик равишда AI муҳандисига айланиб қолмайди. Бунинг учун таълим, вақт ва ўтиш давридаги даромад керак.
Ўзбекистон бунга тайёрми?
Ўзбекистоннинг сунъий интеллектни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси AI асосидаги маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 млрд долларга етказишни кўзда тутади.
Ҳужжатда корхоналардаги жараёнларни автоматлаштириш, вақт ва ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда харажатларни камайтириш кутилаётган натижалар қаторида саналган.
Стратегияда аҳолини ўқитиш, ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурлари ҳам бор. Бироқ автоматлаштиришнинг бандликка таъсирини ўлчайдиган алоҳида кўрсаткич мавжуд эмас.
Масалан, қанча иш ўрни AI таъсирига тушиши, қанча ходим бошқа вазифага ўтказилиши ёки технология жорий қилган компанияларнинг қандай мажбуриятлари бўлиши очиқ қолган.

Тошкентдаги «Бешқозон» ош марказида мижозларга ош олиб бораётган робот-официант.
Бу саволлар энди фақат ривожланган давлатларга тегишли эмас. Ходим унинг қўнғироқлари келажакда шу ишни автоматлаштирадиган моделни ўқитиши мумкинлигидан хабардор қилинадими? Йиллар давомида тўпланган савдо тажрибасидан яратилган иқтисодий қиймат кимга тегишли бўлади? AI туфайли тежалган харажатнинг бир қисми ходимларни қайта ўқитишга йўналтириладими?
Янгиланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида меҳнат бозорини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини 2026 йил ноябрга қадар ишлаб чиқиш белгиланган. Демак, AI таъсиридаги касбларни аниқлаш ва ходимларнинг ўтиш даврини молиялаштириш масаласини кейин эмас, ҳозир муҳокама қилиш имконияти бор.
Гап AI’ни тақиқлаш ёки маҳаллий стартапларнинг ривожланишини тўхтатиш ҳақида эмас. DeepSales каби маҳсулотлар компанияларнинг савдосини ошириши, мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаши ва янги технологик бизнеслар яратиши мумкин.
Бироқ технологиянинг фойдаси компанияда қолиб, унга мослашиш харажати фақат ходим зиммасига тушса, бу тенг алмашинув бўлмайди.
Нью-Деҳлидаги ишчи бошига ўрнатилган телефонни кўриб турибди. Ўзбекистондаги сотувчи эса қўнғироқдан кейин экранда пайдо бўладиган баҳо ва тавсияларнигина кўриши мумкин. Аммо иккала ҳолатда ҳам кундалик меҳнат икки хил натижа бермоқда: бугунги маҳсулот ёки хизмат ва эртанги автоматлаштириш учун маълумот.
Асосий савол AI барча сотувчиларни алмаштирадими, деган савол эмас. Муҳими — ходимдан олинган билим кимга тегишли бўлиши ва ундан фойда кўрилганда ходимнинг ўзи нима олиши.
Акс ҳолда ходим AI’ни ўргатади, иқтисодий фойда компанияда қолади, янги ҳаётга мослашиш харажати эса яна ходимнинг ўзига юкланади.


