Товарларнинг 95 фоизи ёниб кетган: «Wildberries» кўрган зарар ҳисоблаб чиқилди
Июл ойидан буён давом этаётган Украинанинг тинимсиз дрон ҳужумлари «Wildberries» маркетплейси ва унга боғлиқ сотувчиларни оғир молиявий инқирозга дучор қилди.

Украинанинг дрон ҳужумларидан сўнг вайрон бўлган омборлар ва инфратузилмани тиклаш «Wildberries» маркетплейсига 147 миллиарддан 223 миллиард рублгачага тушиши мумкин. Агар обектларни тўлиқ демонтаж қилиш, қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш ва ҳудудни қайта тиклаш талаб этилса, харажатлар миқдори 169 миллиарддан 278,9 миллиард рублгача ошиши мумкин.
Бу ҳақда «Data Insight» тадқиқот агентлигининг етакчи таҳлилчиси Сергей Семко «Forbes» нашрига берган интервюсида маълум қилди.
Умумий зарар 800 миллиард рублга етиши мумкин
Шунингдек, эксперт «Wildberries» сотувчиларининг эҳтимолий йўқотишларини 445 миллиарддан 507,8 миллиард рублгача деб баҳолаган. Шу тариқа, ҳозирги вақтда маркетплейс ва сотувчилар кўрган эҳтимолий умумий зарар миқдори 600–800 миллиард рубл атрофида бўлиши мумкин.
Электрон савдо платформаларига товар етказиб берувчилар ассоциацияси раҳбари Маргарита Евстигнееванинг маълум қилишича, «Wildberries» омборларига уюштирилган ҳужумлар оқибатида 400 мингдан ортиқ сотувчи жабр кўрган. Йўқотилган товарларнинг таннархи 200–300 миллиард рублни ташкил этса-да, бой берилган фойдани ҳисобга олганда, умумий зарар миқдори 600–700 миллиард рублга етади. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, кўплаб сотувчиларнинг омбордаги жами товарларининг 95 фоизигача бўлган қисми ёниб кетган.
Маълумот учун, июл ойининг ўрталаридан буён Украина Россиянинг энг йирик маркетплейси ҳисобланган «Wildberries» логистика марказларига мунтазам равишда зарба бериб келмоқда. «The Bell» нашрининг 5 август ҳолатига кўра тақдим этган таҳлилларига кўра, мазкур ҳужумлар оқибатида маркетплейс кўрган тўғридан-тўғри зарар 100 миллиард рублдан ошиши мумкин. Август ойи бошида сотувчиларнинг ўзи кўрган зарар эса 215 миллиарддан 280 миллиард рублгача баҳоланган эди.



