add

Энг кўп табиий ресурсга эга давлатлар рўйхати эълон қилинди

Рейтингнинг биринчи ўринида турадиган мамлакатда ҳар бир аҳоли жон бошига бир миллион долларлик табиий ресурс тўғри келади.

Энг кўп табиий ресурсга эга давлатлар рўйхати эълон қилинди

Дунё бўйича табиий ресурслар ва мамлакатларнинг 2025 йилдаги аҳоли сони маълумотлари қиёсланиб, аҳоли сонига нисбатан энг кўп табиий бойликка эга ўнта давлат аниқланди.

Statista ва Worldometer маълумотларига асосланган янги рейтингга кўра, Саудия Арабистони дунёда бир киши ҳисобига бир миллион доллар табиий ресурслар тўғри келадиган давлат сифатида биринчи ўринни эгаллади. Улкан нефт захиралари мамлакат иқтисодиёти пойдевори бўлиб, нисбатан кам аҳоли сони эса киши бошига тўғри келадиган кўрсаткични кескин оширади.

Иккинчи ва учинчи ўринларни Канада ҳамда Австралия банд этди. Ҳар икки мамлакатда табиий бойлик бир киши ҳисобига 700 минг доллардан ошади. Канаданинг юқори кўрсаткичи нефт, ўрмон захиралари ва минерал ресурслар ҳисобига шаклланса, Австралия темир рудаси, кўмир ва газ экспорти орқали катта устунликка эга. Уларнинг кенг ҳудуди ва нисбатан кам аҳолиси бу рақамларни янада ошириб беради.

Россия рейтингда тўртинчи ўриндан жой олди. Мамлакатда бир киши ҳисобига 520 минг доллардан ортиқ табиий ресурслар тўғри келади. Бу кўрсаткич Россиянинг катта ҳудуди ва бой минерал базаси билан изоҳланади.

Шу билан бирга, дунёда энг катта ресурс захираларига эга мамлакатлардан бўлган Хитой ва АҚШ аҳоли сонининг юқорилиги туфайли топ-10 ликнинг пастки қисмида жойлашди. Хитойда 1,4 миллиарддан ортиқ аҳоли яшайди ва бу бир киши ҳисобига табиий бойликни 16 минг доллар атрофида. АҚШда табиий ресурслар умумий қиймати 45 триллион долларга баҳоланган бўлса-да, кишига тўғри келадиган улуш пастлиги боис саккизинчи ўрин билан чекланган.

Ўзбекистон 135 млрд долларлик кўрсаткич билан 48-ўринга жойлашган. Бунда аҳоли жон бошига 3550 долларлик табиий бойликлар тўғри келади.

Теглар

Мавзуга оид