1 фоизлик кешбэк ўрнига лотореянинг жорий этилиши бюджет харажатларини 20 баробар қисқартириши мумкин
Ўзбекистонда 1 фоизлик кешбэк тизими ўз вазифасини бажаргани, энди уни йирик ютуқли манзилли лотереялар билан алмаштириш орқали давлат бюджети харажатларини 20 баробаргача қисқартириш мумкинлиги маълум қилинди.
© Soliq.uz ilovasi2022-йилдан амал қилиб келаётган 1 фоизлик кешбэк тизими аҳолининг чек талаб қилиш маданиятини шакллантириш вазифасини бажарган. Бу ҳақда 30-июль куни Фискал таҳлиллар институти томонидан илк бор ташкил этилган «Фискал мулоқот» тадбирида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Vaqt.uz журналисти.
Тадбирда сўзга чиққан институт вакилларининг таъкидлашича, оммавий кешбэк тизими ўзининг асосий мақсадига эришган.
«1 фоизлик кешбек ўз вазифасини бажариб бўлди. Яъни, у аҳолининг чек сўраш саводхонлигини оширишга хизмат қилди, деб ҳисоблаймиз. Лекин бу механизм давлат бюджети харажатларини йилдан йилга ошириб бормоқда», — деди маърузачи.
Кешбэк харажатлари беш йилда 2,5 баробарга ошган
Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, кешбэк учун давлат бюджети харажатлари йил сайин ўсиб борган.
2022 -йилда бу мақсадга 820 млрд сўм ажратилган бўлса, 2023-йилда 1 трлн 51 млрд сўм, 2024-йилда 1 трлн 244 млрд сўм, 2025-йилда 1 трлн 514 млрд сўм сарфланган.

2026 -йил учун прогноз 1 трлн 814 млрд сўмни ташкил этмоқда. Агар амалдаги тизим сақланиб қолса, 2027-йилга бориб харажатлар 2 трлн 77 млрд сўмга етиши кутилмоқда.
Лотерея орқали бюджетдан 2 трлн сўм тежаш мумкин
Шу муносабат билан Фискал таҳлиллар институти барча учун амал қилаётган 1 фоизлик кешбэкни бекор қилишни таклиф қилди.
Бунда «Ягона ижтимоий ҳимоя реестри»га киритилган фуқаролар учун ижтимоий аҳамиятга эга айрим озиқ-овқат маҳсулотларига 12 фоизлик кешбэк сақлаб қолиниши режалаштирилган.
Қолган фуқаролар учун эса чек талаб қилиш рағбатини сақлаб қолиш мақсадида оммавий кешбэк ўрнига манзилли давлат лотереялари жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Тақдимотга кўра, бундай лотереяларда бир чек бўйича 100 млн сўмгача ютуқ бериш мумкин.
Энг катта иқтисодий самара эса бюджет харажатларида намоён бўлади.
«Агар 1 фоизлик кешбэк давом эттирилса, 2027-йилда давлат бюджети ҳисобидан 2,1 триллион сўм сарфланиши прогноз қилинмоқда. Агар бу амалиёт бекор қилиниб, манзилли лотереяларга ўтилса, давлат бюджети ҳисобидан энг кўпи билан 100 миллиард сўм ажратиш кифоя қилади. Бу эса харажатларни 20 баробарга қисқартириш имконини беради», — деди маърузачи.
Савол-жавоб давомида эксперт ушбу рақамлар умумий давлат бюджети эмас, айнан кешбэк механизми учун ажратиладиган маблағлар ҳақида эканини алоҳида таъкидлади.

Тақдимотда қайд этилишича, манзилли лотереялар асосан чакана савдо ва умумий овқатланиш каби хавф юқори бўлган соҳаларда чек талаб қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади.
ҚҚС самарадорлигини ошириш орқали қарийб 5 трлн сўм қўшимча тушум кутилмоқда
Тадбирда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) маъмурчилигини рақамлаштириш бўйича режалар ҳам тақдим этилди.
Унга кўра, ҚҚС самарадорлигини ҳозирги 57 фоиздан 63 фоизгача ошириш мақсад қилинган. Бу эса бюджетга 4 трлн 871 млрд сўм қўшимча тушум келтириши мумкин.
Бунинг учун бизнес жараёнларини автоматлаштириш, солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш, хавф таҳлилига асосланган назорат тизимини кенгайтириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш режалаштирилган.





