Logo

Энди долларнинг расмий курси соат 17:30 да эълон қилинади

2026 йил 10 августдан бошлаб валюта биржасидаги савдолар соат 17:00 га қадар давом этади. Ҳозирда савдолар 15:00 га қадар амалга ошириб келинмоқда.

Энди долларнинг расмий курси соат 17:30 да эълон қилинади © Shutterstock

Ички валюта бозорини янада ривожлантириш ва банклар учун валюта операцияларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш доирасида 2026 йил 10 августдан бошлаб валюта биржасидаги савдолар соат 17:00 га қадар давом этади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, савдо сессиясининг узайтирилиши банкларга кун давомида валюта ликвидлигини янада самарали бошқариш, мижозларнинг тўловларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда хорижий валютадаги тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.

Курс кечроқ эълон қилинади

Янги тартибга кўра, валюта биржасидаги савдолар якунлари асосида 74 та хорижий валютанинг сўмга нисбатан расмий курслари ҳар бир банк иш куни соат 17:30 да Марказий банкнинг расмий сайтида эълон қилинади.

Марказий банк маълумотига кўра, расмий валюта курсларидан бухгалтерия ҳисоби, статистик ҳисоботлар, шунингдек, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда амалдаги тартибда фойдаланилади.

Шунингдек, расмий валюта курслари Марказий банк веб-сайтининг «Валюталар курслари архиви» бўлимида мунтазам жойлаштириб борилади.

Teglar

Mavzuga oid

Энди долларнинг расмий курси соат 17:30 да эълон қилинади | Vaqt.uz