Logo

Қозоғистон ва яна олти давлат нефть қазиб олишни оширишга келишиб олди

Bugun 11:222 daqiqa

Ушбу давлатлар ОПЕК+ аъзолари ҳисобланади. Ташкилот нефть қазиб олиш квоталарини ошириш ёки камайтириш орқали жаҳон нефть нархларига таъсир кўрсатади. Нефть нархи эса экспортчи давлатлар бюджети даромадлари, миллий валюталар курси, ёқилғи нархи ва ҳатто жаҳон инфляциясига ҳам таъсир қилади.

Қозоғистон ва яна олти давлат нефть қазиб олишни оширишга келишиб олди © depositphotos.com

Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК+) аъзо бўлган ва нефть қазиб олишни ихтиёрий равишда чеклаб келаётган етти давлат жаҳон нефть бозоридаги вазиятни муҳокама қилиш учун онлайн учрашув ўтказди. Йиғилиш якунларига кўра, Саудия Арабистони, Россия, Ироқ, Қувайт, Қозоғистон, Жазоир ва Уммон 2026-йил сентябрь ойидан бошлаб нефть ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 188 минг баррелга ошириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ташкилот саҳифасида хабар берилди.

Давлатлар жаҳон нефть бозорида талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш ҳамда бозор барқарорлигини таъминлашга содиқ эканини билдирди. Шунингдек, сентябрдаги ушбу ўзгариш аввалги чекловлар натижасида қисқарган нефть ҳажмларини тезроқ қоплаш имконини бериши таъкидланди.

Эълон қилинган жадвалга кўра, Қозоғистоннинг сентябрь ойидаги нефть қазиб олиш квотаси кунига 1,628 миллион баррелни ташкил этади. Энг юқори квоталар Саудия Арабистони (10,478 миллион баррел) ва Россия (9,949 миллион баррел) ҳиссасига тўғри келади. Энг кичик квота эса Уммон учун белгиланган. Ташкилотнинг ушбу етти давлати иштирокидаги навбатдаги вазирлар йиғини 2026-йил 6-сентябрь куни ўтказилиши режалаштирилган.

ОПЕК+ нима?

ОПЕК+ — нефть экспорт қилувчи йирик давлатлардан ташкил топган халқаро альянс. Унинг таркибига ОПЕКнинг 12 та доимий аъзоси ҳамда Қозоғистон ва Россия каби 10 та мустақил нефть ишлаб чиқарувчи давлат киради. Альянснинг асосий вазифаси — нефть қазиб олиш ҳажмини мувофиқлаштириш орқали жаҳон бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни сақлаш.

ОПЕК+ нефть қазиб олиш квоталарини ошириш ёки камайтириш орқали жаҳон нефть нархларига таъсир кўрсатади. Нефть нархи эса экспортчи давлатлар бюджети даромадлари, миллий валюталар курси, ёқилғи нархи ва ҳатто жаҳон инфляциясига ҳам таъсир қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё иқтисодиёти 2026-йилда 6,5 фоиздан ортиқ ўсиши ҳақида ёзган эдик. Улар орасида энергия ресурсларини экспорт қилувчи Қозоғистон юқори нефть нархлари ҳисобига қўшимча даромад олади.

Teglar

Mavzuga oid