Logo

«Ўзбекгеофизика»ни модернизация қилишга 38,8 млн доллар йўналтирилади

Bugun 20:202 daqiqa

Марказда замонавий суперкомпютер мажмуаси ўрнатилади, янги дастурий таъминотлар харид қилиниб, сейсмик тадқиқотларда сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.

«Ўзбекгеофизика»ни модернизация қилишга 38,8 млн доллар йўналтирилади © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёевга геология-қидирув ишларининг сифати ва ҳажмини ошириш мақсадида «Ўзбекгеофизика» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш режалари тақдим этилди.

Унга кўра, конь-геофизика ускуналарини янгилаш ва замонавий дала 3D сейсмик мажмуасини харид қилиш учун 38,8 миллион доллар ажратилади. Шу билан бирга, АҚШнинг «Счлумбергер» компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Марказда юқори қувватли суперкомпютер мажмуаси ўрнатилади, замонавий дастурий таъминотлар жорий этилади ҳамда сейсмик тадқиқотларда сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.

Қудуқлар самараси ошади


Модернизация натижасида йиллик 3D сейсмик тадқиқотлар майдони ҳозирги 1 минг 800 квадрат километрдан 5 минг квадрат километргача кенгаяди. Шунингдек, геологик ўрганиш чуқурлиги 4,5 минг метрдан 8 минг метргача оширилади. Бу орқали истиқболли геологик тузилмалар сони 19 тадан 30 тагача кўпайтирилиши режалаштирилган.

Қудуқлар қурилишида юқори ҳарорат ва босимга чидамли материаллар, ультратовушли каротаж, реал вақт режимида геофизик назорат ҳамда горизонтал бурғилаш технологиялари жорий этилади. Бу мураккаб геологик шароитларда қудуқлар ишончлилигини ошириш, маҳсулдор қатламларни самарали ўзлаштириш ва юқори дебитга эришиш имконини яратади.

Йиғилишда нефть маҳсулотлари билан аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор ҳамда узлуксиз таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент тармоқ корхоналарини технологик жиҳатдан янгилаш, энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ҳамда белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid