Logo

«Тоштурма»да неча киши сақланмоқда?

Bugun 18:381 daqiqa

Vaqt.uz журналисти Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси шароитлари билан танишиш учун ушбу муассасага борди. Журналист ташриф давомида у ерда қанча киши сақланаётгани билан қизиқди.

«Тоштурма»да неча киши сақланмоқда?

Халқ тилида «Тоштурма» дея аталадиган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонасида 3800 дан ортиқ киши сақланмоқда. Бу ҳақдаги маълумотни департамент бошлиғи полковник Азизхон Умархонов 30-июль куни Vaqt.uz журналистига очиқлади.

ИИВ мулозимининг айтишича, сақланаётганларнинг 165 нафари аёллар, 68 нафари вояга етмаганлар ҳамда 63 нафари чет эл фуқаролари. Ҳибсхонада болали аёллар ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳозирда 4 киши. Умархоновнинг сўзларига кўра, уларга алоҳида хона берилади.

«Албатта уларга алоҳида хона берилади», — урғулайди полковник.

У «Тоштурма»да вояга етмаганлар сақланадиган 9 та алоҳида камера мавжудлигини ҳам қўшимча қилди.

Маълумот учун, илгари (1891-йилдан бошлаб) бу тергов ҳибсхонаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган эди. Уни чор Россияси даврида тошдан қуришгани учун халқ уни «Тоштурма» деб атаб келган. 2018-йилнинг январь ойида Юнусободдаги эски бинода шароитлар талабга жавоб бермагани учун у бутунлай бузилди. Барча маҳбуслар ва ходимлар Тошкент вилояти Зангиота туманида янги қурилган замонавий бинога кўчирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ эски «Тоштурма» ҳудуди саноат компаниясига берилгани ошкор бўлганди. У ер хиёбон бўлиши керак эди.

Teglar

Mavzuga oid

«Тоштурма»да неча киши сақланмоқда? | Vaqt.uz