Тожикистон ярим йилда четдан умумий божхона қиймати 350,3 миллион долларлик машина сотиб олди
Электромобиллар эса жами импортнинг 22,2 фоизини ташкил этади, яъни ҳар бешта автомобилдан биттасидан кўпроғи электромобилдир.

2026-йил январь–июнь ойларида Тожикистонга қарийб 31,9 мингта енгил автомобиль олиб кирилди. Республика Божхона хизмати маълумотларига кўра, уларнинг умумий божхона қиймати 350,3 миллион долларни ташкил этди. Бу мамлакат умумий импорти қийматининг 6,7 фоизига тенг.
2025-йилнинг шу даврига нисбатан импорт қилинган автомобиллар сони 1695 тага ёки 5,6 фоизга ошган.
Энг кўп автомобиллар Жанубий Кореядан олиб кирилган — 11 минг 256 та. Уларнинг божхона қиймати қарийб 73,1 миллион долларни ташкил этган. Иккинчи ўринда Хитой бўлиб, у ердан 9386 та автомобиль 140,2 миллион доллар қийматида импорт қилинган.
Япониядан 5577 та автомобиль (61,1 миллион доллар), Германиядан 2618 та (36,9 миллион доллар), АҚШдан эса 2541 та автомобиль (26,4 миллион доллар) олиб кирилган.

Бу беш давлат ҳиссасига жами 31 минг 378 та автомобиль ёки барча импортнинг 98,4 фоизи тўғри келади. Қолган 497 та автомобиль эса Буюк Британия, БАА, Таиланд, Литва, Грузия, Эрон ва яна йигирмадан ортиқ давлатдан олиб келинган.
Таъкидлаш жоизки, келтирилган қийматлар божхона қиймати ҳисобланади. Унга автомобилнинг бозордаги якуний нархи, рўйхатдан ўтказиш харажатлари ва сотувчиларнинг устамаси киритилмаган.
7 мингдан ортиқ электромобиль
Импорт қилинган автомобилларнинг камида 7069 таси электромобиль бўлган. Бу жами импортнинг 22,2 фоизини ташкил этади, яъни ҳар бешта автомобилдан биттасидан кўпроғи электромобилдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон йил якунигача иқтисодий ўсишни камида 8 фоизда сақлаб қолмоқчилиги ҳақида ёзганди.





