15 та туманда газ ва электр муаммоларини ҳал этиш учун махсус штаблар тузилди
Энергетика вазирлиги электр ва газ таъминотида муаммолар кўп кузатилаётган 15 та туманда махсус штаблар ташкил қилди. Уларга тизим раҳбарлари бошчилик қилади.
© ShutterstockЭнергетика вазирлиги электр энергияси ва табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида мамлакатнинг 15 та туманда махсус штаблар ташкил этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, штаблар жойлардаги электр ва газ таъминоти ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни тизимли бартараф этиш орқали истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун тузилган.
Ҳар бир штабга энергетика соҳаси ташкилотлари раҳбарлари бошлиқ этиб бириктирилган. Туман ҳокимлари эса штаб раҳбарларининг ўринбосари сифатида фаолият юритади.
Қайси туманларда?
Махсус штаб тузилган туманлар ва уларга бириктирилган раҳбатлар:
Андижон тумани — Энергетика вазири маслаҳатчиси Дадажон Исакулов;
Давлатобод тумани — Ўзбекистон миллий электр тармоқлари бошқаруви раиси Абдумалик Назиров;
Денов тумани — Ўзенергоинспексия бошлиғи ўринбосари Бехзод Собиров;
Фарғона тумани — Ҳудудгазтаъминот бошқаруви раиси Маруфхон Ходжаев;
Косон тумани — Ўзенергоинспексия бошлиғи ўринбосари Хуршиджон Эшқўзиев;
Мирзо Улуғбек тумани — Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов;
Қўштепа тумани — Ўзенергосотиш бошқаруви раиси Жаҳонгир Обиджонов;
Сирдарё тумани — Иссиқлик электр станциялари бошқаруви раиси Баҳодир Жўраев;
Тўрткўл тумани — Иссиқлик электр станциялари бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Озод Ахунов;
Урганч тумани — Ҳудудий электр тармоқлари бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Бобур Исломов;
Ургут тумани — Ҳудудий электр тармоқлари бошқаруви раиси Сардор Исакулов;
Хатирчи тумани — Энергетика вазири ўринбосари Умаржон Эгамбердиев;
Янгийўл тумани — Энергетика вазири Шерзод Ходжаев;
Ғиждувон тумани — Ўзтрансгаз бошқаруви раиси Аскар Исаков;
Шароф Рашидов тумани — Ўзенергоинспексия бошлиғи Ахад Исоқжонов.
Нега айнан шу туманлар?
Вазирлик маълумотига кўра, мазкур туманлар электр ва газдан қарздорлик юқорилиги, энергия ресурсларидаги техник йўқотишлар кўплиги, эскирган инфратузилма ҳамда аҳоли мурожаатлари сони каби мезонлар асосида танланган.
Ушбу ҳудудларда электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш, эскирган ускуналарни алмаштириш, трансформатор пунктларини таъмирлаш, электр тармоқларини дарахт шохларидан тозалаш, газ тақсимлаш қурилмалари ва қувурларни қайта кўрикдан ўтказиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда «Энергетика хавфсизлиги ойлиги» бошланганлиги ҳақида хабар берилганди.





